Ассалому алайкум ҳурматли ватандошим! Ҳурматли газетахон!
Келинг ҳар сафаргидек мақоланинг бошланишида ўзимизни ўзимиз мақтамасдан, ҳамду-сано ўқимасдан тўғридан тўғри муддаога ўтиб қўя қолайлик.
Буюк ҳинд файласуфи Шри Бхагван Раджниш (тахаллуси Ошо)нинг “Олмосларни ўғирлаган одам ҳақида” деган ажойиб бир ҳикояси бор. Кунлардан бир куни кимдир қирол саройидан жуда қимматли бир неча дона олмосларни ўғирлаб кетибди. Хизматчилар олиб кетилган олмосларни роса излашибди. Қирол ушбу тошларни жуда яхши кўрар экан, шу боис нима қилиб бўлса ҳам уларни тезроқ топиш лозим эди. Бироқ тошларнинг изи ҳам топилмади. Шунда кимдир шаҳарда бир донишманд яшашини, унинг олдига борсалар уларни қўллаб-қувватлаши, ёрдам бериши, бирор фикр айтиши мумкинлиги ҳақида маслаҳат берди. Оддий фуқаролар олимларнинг олдига ёки экспертларнинг олдига бора олишмайди. Биз фақат ўзимизнинг кекса донишмандимиз олдига борамиз. У бизни ҳеч қачон рад қилмайди, бизга доим чиройли маслаҳатлар беради. Шундай қилиб, шаҳар ҳокими ва аёнлар донишманднинг олдига келишибди. Донишманд бир муддат кўзларини юмиб, сўнгра айтибди: “Ҳа ўғриликни ким қилганини мен биламан, бироқ, олмосларни ким ўғирлаганини айтганимни ҳеч ким билмаслиги лозим. Шуни менга ваъда беринглар” – дебди. Унга ваъда беришибди, албатта. Донишманд яна айтибди: “Фақат сен мен билан бирга борасан. Биз одамлардан шу даражада жуда узоққа кетишимиз, ўрмоннинг ичига киришимиз керакки, токи ҳеч ким ҳеч нарсани эшитмасин. Фақат шаҳар ҳокими мен билан бирга боради”. У шаҳар ҳокимини олиб кетибди, ҳоким эса жуда ҳаяжонланар, чунки олмосларни топишига озгина қолган ва уларни топса қирол уни тақдирлар эди. Улар кетган йўл жуда узоқ эди. Ҳар сафар ҳоким донишманддан “биз узоқ йўл юрдик, атрофда ҳеч ким йўқ, олмосларни ким ўғирлаганини айт” – деб сўрар эди. Донишманд эса “яна озгина қолди, чида” – деб жавоб берар эди. Ниҳоят шаҳар ҳокими оёқдан қолибди. “Нима учун мени узоқ юришга мажбур қиляпсан, ахир жуда чарчадим, билсанг айт! Шуни билсанг айт!” – дебди. Донишманд эса “Мен олмосларни ким ўғирлаганини биламан. Яқинроқ ўтир, қулоғингга пичирлаб айтаман. Токи бошқа ҳеч ким эшитмасин”- дебди. Ҳоким: “Сен жиннига ўхшайсан, атрофда ҳеч ким йўқ”. Донишманд: “Ҳа энди бошқалар эшитмасин дедимда”. Ниҳоят донишманд шаҳар ҳокимининг қулоғига секин шивирлаб, дебди: “Аниқ биламан, олмосларни ўғри ўғирлаган”.
Ўртоқлар, тушунмаганлар учун айтаман, қиссадан ҳисса шуки, ҳақиқат жуда оддий нарса. Биз ҳаммамиз олмосларни ўғри ўғирлаганини олдиндан билар эдик, буни ҳамма англайди. Ҳақиқат барчамиз учун умумийдир. Бироқ, муаммо шундаки, мана шу ҳақиқатни, гарчи у оддий бўлсада ёки уни ҳаммамиз билсакда бир-биримизга айтмаймиз. Ҳақиқатни айтмаймиз, уни яширамиз, бир-биримизга ёлғон гапирамиз. Жамиятда ошкоралик тўлиқ таъминланмагани боис муаммоларни ошкора муҳокама қилмаймиз.
Мен судьяман, бунинг устига жиноят ишлари бўйича судьяман. Баъзида жиноят ишларини кўриб, қароримни ўқиб, суд залидан хурсанд бўлиб чиқиб кетаман, чунки жиноятчи жазоланган, жабрланувчининг ҳуқуқлари тикланган, адолат эса қарор топган бўлади. Баъзида эса кўнглим сиёҳ, ўзим эса ўйга чўмиб, юзага келган саволларга жавоб тополмасдан, ўйлаган ўйимга етолмасдан, жамиятимизда содир бўлаётган адолатсизликларни ўйлаб, ҳорғин бир аҳволда чиқаман. Баъзида судда одамлар айтган гапларни эшитиб, бир неча кунлар тушкунликка тушиб юраман. Ўзим, оилам, болаларим, уларнинг келажаги нима бўлади деб ўйлайман. Бу гапларни сизлар ҳам эшитсангизлар астағфуруллоҳ деб ёқа ушлашларингиз тайин. Наҳотки 21 асрда, ўзини мустақил ва демократик давлат деб ҳисоблаган она Ўзбекистонимизда шунақа воқеалар содир бўлган бўлса. Биринчи олий маълумотим тарих фани ўқитувчилиги бўлиб, озми-кўпми тарихдан хабарим бор. Ахир ҳозир ўтган асрдаги 37 йиллар каби репрессия йиллари, улуғ ватан урушидан сўнгги ёки 80 йиллардаги турғунлик йиллари эмаску.
Охирги йиллар давомида судланувчилардан дастлабки тергов даврида мутассил калтакланганликларини, иродаси синдирилганлиги оқибатида исталган кўрсатувлар беришга тайёр бўлганликларини эшитдим. Кимдир қамоқхонага хотини ёки қизи олиб келиниб уларнинг номусига тажовуз қилиш билан қўрқитилганлигини гапиради. Кимдир орқа чиқариш жинсий аъзосига шиша идишини мажбурлаб тиққанликларини гапиради. Бухорода дастлабки тергов даврида қамоқда бир тадбиркор калтакланиб ўлдирилганлигини кўпчилик эшитган бўлса керак. Хулосам шуки, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги, болаларимиз учун обод ва озод ватанни қолдиришимиз учун тергов даврида руҳий ва жисмоний тазйиқ натижасида олинган ҳар қандай далилни айбловдан чиқаришимиз, бундай ҳолатларга эътиборсиз ва бефарқ бўлмаслигимиз, маслагимизда қатъий туришимиз, жасур бўлишимиз, шу эзилганларнинг хотирасини ҳурмат қилишимиз, ноҳақ айбланган ҳар бир ватандошимизни оқлашимиз, уларнинг обрўсини ва жамиятга ишончини тиклашимиз лозим.
Жамиятимизда узоқ йиллар мобайнида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилаётган бўлсада, ҳар бир судья ўз ишига виждонан ёндашмас экан, одамларни қалбан ҳис қилмас экан, ислоҳотларнинг бир пуллик фойдаси бўлмайди.
Ҳаммамизни ота-онамиз, бобо-бувимиз, гулгун фарзандларимиз бор. Худога шукурки ўзимиз ҳам, улар ҳам соғ-саломат юришибди. Мени бир нафар ўғлим, уч нафар қизларим бор. Катта қизим институтда ўқийди. Анча катта бўлиб қолди. Унинг хавфсизлигини, номусини ўйлайман. Худодан илтижолар қиламан. Кичкина қизим ҳали беш ёшда боғчага боради. Қизалоқнинг зеҳни жуда ўткир. Ёш болачалар жуда нозик ва ҳимоясиз. Улар ҳали ўсиши, улғайиши керак. Ҳаётда ўз ўрнини топиши керак. Улар учун жавобгарман. Шуларни ҳам ўйлайман. Худодан уларнинг соғлигини, номусини, хавфсизлигини, бахтини тилайман. Тўғри мен намоз ўқимайман, сажда қилмайман, чунки ибодатдан кўра кўпроқ адолатни афзал деб биламан. Шу боисдан ҳам фарзандларим учун, худо учун савоб ишларни қилишга ҳаракат қиламан. Ноҳақ айбланган одамларни оқлаш ҳам юксак одамгарчилик, савоб ҳисобланса керак. Биз кўчада соғ-саломат ўйнаб юрган болаларимизнинг бадали учун ҳам айби йўқ одамларни оқлашимиз керак. Чунки улар ҳам биринчи навбатда инсон, жамиятимиз аъзоси, кимгадир ота, кимгадир ака-ука, кимгадир қўшни, дўст, устоз бўлади. Уларнинг ҳам фарзандлари бор, ҳаётдан умидлари бор.
Агар юқоридаги гаплар бизларга таъсир қилмаса, ҳеч бўлмаса ўзимиз учун, борингки кўнгил учун, хурсанд бўлишимиз учун, судланувчини бир неча йиллар ўтиб кўриб қолганимизда шу одамни ман оқлаганман деб юракдан хурсанд бўлишимиз учун, ғурурланишимиз учун, қилган ишимиздан фахр туйғусини туйишимиз учун, борингки қалбимиз учун одамларни оқлашимиз керак деб ҳисоблайман. Чунки инсон фақат овқат билан тирик эмас, у биринчи навбатда маънавиятли бўлгани учун ҳам тирикдир ва инсон деган номга муносибдир.
Президентимизнинг 2020 йил 10 августда “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Қарори эълон қилинганидан сўнг олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлганим учун ҳам мазкур қарорнинг ҳақиқий аҳамиятини тушунганим учун ҳам жамиятимизда ўзгаришлар бўлаётганлигидан хурсанд бўлган инсонлардан бири бўлдим. Чунки ушбу ҳужжат тергов ва суд-ҳуқуқ амалиётини тубдан ўзгартиришга, “провокация” деб номланувчи ярамас бир амалиётни бартаф қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Аввало айтиш жоизки, “провокация” деганда шахсни салбий оқибатларга (масалан жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилинишига) олиб келадиган ҳаракатларни содир этишга далолат қилиш, ундаш тушунилади.
Масалан, фуқарога бирор бир муайян ҳуқуқни берувчи ҳужжатни, хусусан меҳнатга қобилиятсизлик ёки ногиронликни белгилаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахснинг (врачнинг) олдига бир аёл фуқаро келиб, унга ҳақ эвазига шундай ҳужжатни беришни илтимос қилади. Табиийки, дастлаб врач унинг илтимосини рад қилади, ноқонуний ишни қилишни истамайди. Шундан сўнг ҳалиги фуқаро бир неча кунлардан сўнг врачнинг олдига яна келиб илтимос қилишни, ялинишни давом эттираверади. Ўзи оиласидан ажрашганлигини, ёш болалари борлигини, моддий шароити яхши эмаслигини рўкач қилиб, ногиронликни олишга ёрдам беришни илтимос қилаверади. Врачдан телефон рақамини олиб ҳар куни қўнғироқ қилиб сўрайверади. Оқибатда врачнинг фикрини ўзгартиради, врач тегишли пул суммасини олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланади. Ўз навбатида реал ҳолат шундан иборатки, ўша аёл шундан сўнг ногиронликни олиш учун тегишли органга бошқа мурожаат қилмайди, айни вақтда бошқа ишлар бўйича ҳам жабрланувчи бўлиб ўтишни давом эттираверади.
Яна бир мисол. Муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун судланган фуқаронинг олдига бир киши кириб, ундан ўз истеъмоли учун ҳақ эвазига “марихуана” гиёҳвандлик воситасини топиб беришни илтимос қилади. Ҳалиги судланган фуқаро унинг илтимосини рад этади. Ўзи яқинда қамоқдан чиққанлигини, тўғри ҳаёт билан яшамоқчи эканлигини айтади, уни бундай ишларга аралаштирмаслигини сўрайди. Бироқ, провакатор шахс, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан судланган шахснинг шундай ишларга мойиллигидан фойдаланиб, унга “марихуана” воситасини топиб беришга ундайверади. Оқибатда судланган фуқаро судланганидан олдин бўлган эски танишларини топиб, улардан гиёҳвандлик воситаси топиб беришни илтимос қиладиган ҳолатга тушади. Бундай ишларнинг оқибати аниқ. Фуқаро эски танишидан гиёҳвандлик воситасини олиб, провокаторга бераётган вақтида тадбирда ушланади.
Яна бир мисол. Якка тартибдаги тадбиркор бирор тумандаги марказий бозор ҳудудида ўз дўконида савдо қилади. Муқаддам судланмаган ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Чунончи, ноқонуний валюта айрибошлаш фаолияти билан ҳам шуғулланмаган. Бироқ, дўконда ишлаб турган вақтида унинг олдига эски таниши келиб, 100 АҚШ долларини сўмга алмаштириб беришни илтимос қилади. Тушлик вақти бўлганлиги сабабли банклар ишламаслигини баҳона қилади, бозордаги ноқонуний валютафурушлик билан шуғулланувчи одамлардан эса пул алмаштиришга қўрқишини айтади. Тадбиркор унга ишониб долларни алмаштирган вақтида ушланади. Ёки шу мисолнинг бошқача варианти. Бир аёл киши тумандаги солиқ идораларида ишлайдиган ходим билан олдиндан таниш бўлади. Аёл солиқ ходимидан унинг ҳудудида жойлашган дўконлардан биридан
100 АҚШ долларини сўмга алмаштириб беришни сўрайди. Солиқ ходими аёлнинг юзидан ўтолмасдан ўз ҳудудидаги дўконлардан бирига кириб дўкончидан долларни алмаштириб беришни илтимос қилади. Оқибатда дўкончи ва солиқ ходими воқеа жойида ушланадилар. Шу аёл шундан сўнг ҳам валютага оид бошқа тадбирларда қатнашиб юраверади.
Мисолнинг даҳшати. Иккита аёл (улардан бири суд қарорига кўра МЖТКнинг 190-моддаси билан, яъни фоҳишалик билан шуғуллангани учун маъмурий жавобгарликка тортилган) қаердандир бир фуқаронинг телефон рақамини топишиб, унга қўнғироқ қилишади ва ундан тумандаги коллежга кириш имтиҳонларидан ўтказиш учун ёрдам беришни сўрашади. Эркак фуқаро аёлларнинг чиройига учиб, улар билан ишқий муносабатда бўлиш учун уларга коллежда танишлари борлигини айтиб, ҳақ эвазига ўқишга киритишни ваъда беради. Пулларни олаётган вақтида ушланган. Реал ҳолатда аёллар ўқишга кириш учун тўғридан тўғри коллежга бориб ҳужжат топширишмаган, коллеж ходимлари билан суҳбатлашмаганлар. Аёллардан бирининг паспорти ҳам бўлмаган. Эркак фуқаронинг телефон рақамни қаердан олишгани ҳам номаълум, унинг коллежга ўқишга киритиш билан шуғулланаётганлиги ҳам номаълум.
Фикримизча, юқорида келтирилаётган мисолларнинг барчасида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилишга қаратилган қасд фуқароларда уларнинг олдига тегишли шахслар боргандан ва ундагандан сўнг пайдо бўлган. Ваҳоланки, фуқарони ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этишга оғдириш ёки ундаш қонун билан тақиқланади.
Мазкур мақолада ҳам провокацияга учраган фуқаро мисолида ушбу масалаларга янада ойдинлик киритмоқчимиз. Қисқаси, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил 25 июнь кунидаги ҳукмига кўра, Б.Ахмедов, (исми фамилияси ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан айбли деб топилиб, 1 йил муддатда давлат ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, Б.Ахмедов, Бухоро шаҳар Давлат солиқ инспекцияси Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаб келиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида 2021 йил 28 январь куни 1710ларда фуқаро “Мирзо омад плюс” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Шарипов Анвар (исми фамилияси ўзгартирилган) билан кўришиб, алдаб, ишончига кириб, унинг раҳбарлигидаги МЧЖ ҳисоб рақамини ёпишга оид ишни ижобий ҳал қилиб беришга ишонтириб, бунинг эвазига 100 АҚШ доллари беришни талаб қилган.
Шу мақсадда, Б.Ахмедов “Мирзо Омад плюс” МЧЖ раҳбари А.Шариповни алдаб, уни ишончини суиистеъмол қилиб, 100 АҚШ доллари эвазига Бухоро туманлараро иқтисодий судининг “Мирзо Омад плюс” МЧЖ ҳисоб рақамини ёпишга оид ишни ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, 2021 йил 29 январь куни тахминан соат 1748да ўзининг номида бўлган пластик картасига 1.050.000 сўм пулларни юклатиб олганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. Мазкур иш бўйича биринчи босқич суди ўз ҳукмини чиқарганидан сўнг, судланувчи томонидан Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритилган. Судлов ҳайъати ишни кўриб чиқиб Б.Ахмедовга нисбатан оқлов ҳукми чиқарган. Ўзим ҳам шу ишни кўриб чиқишда раислик қилувчи, маърузачи сифатида иштирок қилдим. Судлов ҳайъатининг бошқа аъзоларига, Шавкат Чориевич Қувватовга ва Нозим Сатторович Жўраевга уларнинг илми, салоҳияти, жасурлиги учун ҳам миннатдорчилик билдираман.
Судланувчи Б.Ахмедов, ўзининг апелляция шикоятида дастлабки тергов ҳамда биринчи инстанция судида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддаси талаблари бузилганлиги, моддий ва процессуал қонун талабларига, Олий суд Пленумининг соҳага оид тегишли тушунтиришларига риоя қилинмаганлиги, унинг айбсизлиги ҳақидаги важлари синчиклаб текширилмаганлиги, иш бўйича жабрланувчи деб топилган А.Шариповнинг Б.Ахмедовни пул олишига мунтазам тарза ундаганлиги бўйича ҳаракатларига, шунингдек А.Шариповнинг муқаддам ҳам бир неча фуқаролардан пул олиш жараёнида аризачи сифатида уларни ушлаб берганлиги, жиной жавобгарликка тортилишларига сабабчи бўлганлиги ҳолатига тўғри ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, қонуннинг далилларнинг мақбуллигига оид нормаларига амал қилинмаганлиги ҳақида важлар келтириб, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги боис, жиноят ишини ҳаракатдан тугатиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил
23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли Қарорининг 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ, биринчи инстанция суди судланувчига нисбатан айблов ҳукми чиқаришда Олий суд Пленумининг қайд этилган раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.
Апелляция инстанцияси суди муҳокамасида сўроқ қилинган Б.Ахмедов, 2020 йил 02 декабрь кунидан Бухоро шаҳар Давлат солиқ инспекцияси Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаб келганини, 2021 йил 27 январь куни унга бир фуқаро қўнғироқ қилиб, ўзини “Мирзо Омад Плюс” МЧЖ раҳбари Шарипов Анвар деб таништириб, олдига бир масалада келмоқчи эканлигини айтганини, унга эртага келишини айтганини, 2021 йил 28 январь куни ўз ишлари билан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига борганини, шу куни соат тахминан 1710ларда унга яна А.Шарипов қўнғироқ қилиб, Бухоро шаҳар ДСИга қўнғироқ қилганлигини, ДСИдагилар унинг қўл телефонининг рақамини берганликларини, унга суддан қанақадир хат келганлигини айтганини, хатни олиб кўрганида, Бухоро туманлараро Иқтисодий судидан чақирув қоғози бўлганини, корхона ҳисобот топширмаганлиги учун ҳисоб рақами суд томонидан ёпиб қўйилгани ёзилганини кўрганини, унга ҳисобот топширмаганлиги учун ҳисоб рақами ёпилганини ва шу масалада бухгалтерига мурожаат қилишини айтганлигини, лекин А.Шарипов унга бухгалтери касал эканлигини, ўзи тумандан эканлигини, Россияга чиқиб кетиши керак эканлигини, 2 та фура юк машиналари борлигини, унга ишларини қилиб беришини, ҳисоботни топшириб беришини, эвазига 100 АҚШ доллари беришини айтганини, кейин Бухоро Давлат Университетининг олдида учрашганини, унга электрон калитни давлат хизматлари марказидан олишни айтганини, калитни олгач корхона фаолиятини кўриб чиққанини, А.Шарипов унинг қилиб берган иши учун нақд пулда хизмат ҳақи беришини айтганини, ўзи унга пластик картасининг рақамини ёзиб олишини, пулни пластик картасига ташлаб беришини айтганини, 2021 йил 29 январь куни соат тахминан 1800 ларда А.Шарипов унга қўнғироқ қилиб, пластигига пул ташлаганлигини, чеки қўлида эканлигини, ҳисобини текшириб кўришини айтганини, кейин жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида бўлган вақтида унинг олдига нотаниш фуқаролар келиб ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари деб таништириб, уни ўзлари билан олиб кетишганини, А.Шариповдан пул сўрамаганини, А.Шарипов унга ишларини бажариб берса хизмат ҳақи беришини айтганини, А.Шарипов айтавергани учун йўл кира ҳақига пулни пластик картасига ташлаб беришини айтганини, А.Шариповга одамгарчилик юзасидан ёрдам бермоқчи бўлганини, А.Шарипов унга мунтазам қўнғироқ қилиб турганлигини, оиласидан 2 марта ажралганлигини айтганлигини, шу билан унда ачиниш туйғусини уйғотганлигини, ўзининг айби йўқлигини айтиб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраб, кўрсатувлар берди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддасида фирибгарлик учун, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганлик учун жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил
11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сонли Қарорининг 4-бандида, “Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият бериши ҳақида тушунтириш берилган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 10 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг банклардаги барча ҳисоб варақлари бўйича чиқим операциялари унинг томонидан 2020 йилнинг август ойи учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар тўхтатилган. Б.Ахмедов эса мазкур МЧЖ ҳисоб рақамини очиб бериш учун жамият раҳбари А.Шариповдан 1.050.000 сўм пулларни олганликда айбланган. Ваҳоланки, ишни апелляция инстанцияси судида кўришда аниқланишича, гарчи Б.Ахмедов мазкур ишларга ваколатли бўлмасада, бироқ “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг солиқ ҳисоботини тузиш ва пировардида тўхтатилган ҳисоб рақамини очилишини таъминлаш учун қонуний ҳаракатларни амалга оширган. Чунончи, Б.Ахмедов ўзининг дастлабки тушунтириш хатида А.Шариповга қўнғироқ қилиб унга ҳисобот топширмаганлиги сабабли унинг ҳужжатлари судга оширилган бўлиши мумкинлигини ва эртага бориб Давлат хизматлари марказидан электрон калитни олишини ва калит орқали корхона фаолиятини кўриб чиқишларини айтганлигини баён этган. А.Шарипов ҳам ўз тушунтиришларида Б.Ахмедов унга қўнғироқ қилиб айтганидан сўнг жамият бўйича “Ягона дарча”га бориб электрон калит олганлигини, Б.Ахмедов келиб унинг калитини ўзининг флешкасига ташлаб олганлигини баён қилиб тушунтиришлар берган. Иш бўйича ҳам мазкур ҳолат тасдиқланган.
Апелляция инстанцияси судида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, Бухоро вилоят ДСБнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, ўз кўрсатувларида иқтисодий суд томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг банкдаги ҳисоб варағи бўйича чиқим операциялари тўхтатилган бўлса, тегишли ҳисоботлар тақдим этилган тақдирда солиқ органи томонидан ҳисоб варақлари очилишини маълум қилди. Яъни қонунчиликка биноан, ҳисоб варағи бўйича чиқим операциялари тўхтатилган тадбиркорлик субъектлари тегишли солиқ ҳисоботларини тақдим этганларидан сўнг уларнинг ҳисоб варақлари солиқ органи томонидан автоматик тарзда очилади.
Юқорида кўрсатилганидек, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 10 ноябрдаги ҳал қилув қароридан кўринишича “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг 2020 йилнинг август ойи учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилмаган бўлган. Б.Ахмедов эса А.Шариповдан жамият фаолияти бўйича электрон калитни олиб, жамиятнинг электрон солиқ ҳисоботларини тузиб, юбормоқчи бўлган. Мазкур ҳисоботларни “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисобчиси ҳам тузиши мумкин эди. Лекин А.Шарипов, мазкур масалада жамият ҳисобчиси касал бўлганлиги боис Б.Ахмедовга мурожаат қилганлигини судда билдирди.
Жиноят ишида Б.Ахмедовнинг А.Шариповдан 1.050.000 сўм пулларни олиб, сўнгра “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисоботларини қилиб бермасдан, жамиятнинг ҳисоб варағини очиш учун қонуний тарзда ҳаракат қилмаслигини тасдиқлайдиган бирор бир далил мавжуд бўлмаган. Ҳусусан, Б.Ахмедовнинг шахсига оид маълумотлардан кўринишича, у 2013 йилда Бухоро солиқ коллежини, 2019 йилда Тошкент молия институтининг “солиқлар ва солиққа тортиш” йўналиши бўйича ўқиб тугатган, 2019 йил август ойидан бошлаб Шофиркон туман ДСИ, 2020 йил декабрь ойидан Бухоро шаҳар ДСИда давлат солиқ инспектори вазифасида ишлаб келган. Иш бўйича ижобий тавсифланган. Бундай вазиятда, унинг А.Шариповдан тегишли пулларни олиб, келгусида эса ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан юриши мумкинлиги иш ҳолатларига ҳам тўғри келмайди, мантиқан ҳам зиддир.
Қонуннинг мазмунига кўра, фирибгарлик жинояти талон-торож турларидан бири сифатида ўзганинг мулкини текинга эгаллашга қаратилиши лозим. Бироқ олинган мулк учун эквивалент пул тўланган, хизмат кўрсатилган, иш бажарилган бўлса, яъни мулк текинга олинмаган бўлса, гарчи мулкни олишда баъзи қоидабузарликларга йўл қўйилган тақдирда ҳам қилмишни фирибгарлик деб баҳолаб бўлмайди.
Дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан Б.Ахмедов хизмат мақеидан фойдаланиб фирибгарлик содир қилганликда айбланган бўлсада, бироқ мазкур хулоса иш ҳужжатлари билан тасдиқланмаган. Чунончи, Б.Ахмедовнинг “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисоб варағини очиш учун Бухоро вилоят ДСБга ёки Бухоро туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилганлиги, уларнинг фаолиятига аралашганлиги аниқланмаган. Қолаверса Б.Ахмедов Бухоро шаҳар ДСИда ишлаган. “Мирзо омад плюс” МЧЖ эса солиқ тўловчи сифатида Бухоро вилоят ДСБдан рўйхатдан ўтган бўлган. Бундай вазиятда, дастлабки тергов органи ва биринчи босқич судининг Б.Ахмедовнинг А.Шарипов билан бўлган муносабатларида ўз хизмат мавқеидан фойдаланганлиги тўғрисидаги хулосасига қўшилиб бўлмайди.
Судлов ҳайъати, юқорида кўрсатилган асослардан келиб чиқиб, иш бўйича Б.Ахмедов А.Шариповдан 1.050.000 сўм пулларни олиб, уларга эквивалент равишда хизмат кўрсатишга ҳаракат қилганлиги, яъни “Мирзо омад плюс” МЧЖ учун электрон калит олиб, ундан фойдаланган ҳолда тегишли ҳисоботларни тузиб тақдим этиш орқали МЧЖнинг суд томонидан тўхтатилган ҳисоб варағини қонуний тартибда очиш учун ёрдам беришга ҳаракат қилганлиги ва бу жараёнда хизмат мавқеидан фойдаланмаганлиги боис, унинг ҳаракатларида фирибгарлик жинояти таркиби, хусусан,
ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди ҳам мавжуд эмас деб топди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПК 95-моддасига биноан, жиноят иши бўйича далиллар ушбу Кодекснинг 88,90,92-94-моддаларида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлсагина, улар мақбул далил деб эътироф этилади. ЖПК 88-моддаси 2-қисмининг 4-бандига асосан исбот қилишда шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун айблаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил
24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорининг 9-банди “м” кичик бандида, далил Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тўпланган бўлса мақбул эмас деб топилиши ҳақида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-344-сонли Қонунининг 17-моддасига биноан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг фуқароларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириши ва ундаши тақиқланади.
Жиноят ишидаги ҳужжатлардан кўринишича, мазкур иш бўйича жабрланувчи деб топилган А.Шарипов, муқаддам ҳам бошқа бир неча жиноят ишлари бўйича ҳам жабрланувчи бўлиб ўтган. Чунончи, жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг 2017 йил 29 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 210-моддасининг 1-қисми билан судланган Д.Шарипованинг, шу суднинг 2018 йил 06 август кунидаги ҳукмига кўра, ЖК 168-моддаси
3-қисмининг “в” банди ва 28,211-моддасининг 1-қисми билан судланган Ф.Темировнинг, худди шунингдек, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2018 йил 11 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 168-моддаси
3-қисмининг “в” банди ва 28,211-моддасининг 1-қисми билан судланган А.Задаевга оид жиноят иши бўйича А.Шарипов жабрланувчи бўлиб ўтган. Мазкур суд ҳукмларининг мазмунидан, фуқаро А.Шариповнинг судланувчиларни жиноят содир этишга ундаганлиги яққол кўринади.
Б.Ахмедовга оид жиноят иши бўйича эса, иш ҳужжатларидан кўринишича А.Шарипов гарчи унинг корхонаси вилоят солиқ бошқармаси ҳисобида солиқ тўловчи бўлсада бошқармага мурожаат қилмасдан Бухоро шаҳар ДСИ ходимига мурожаат қилган. Б.Ахмедовдан “Мирзо омад плюс” МЧЖ ҳисоб варағини очиб беришга ёрдам беришни илтимос қилган. Б.Ахмедов унга ҳисоботларни топшириш лозимлигини бир неча маротаба тушунтирган бўлсада, барибир ундан шу масалани ҳал қилиш учун ёрдам беришни илтимос қилаверган. Ваҳоланки, А.Шарипов бир неча йиллардан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келиб, иқтисодий суд томонидан корхонасининг ҳисоб варағи тўхтатилган бўлса тегишли солиқ ҳисоботларини топшириш кераклигини ва шундан сўнг ҳисоб варағи очилишини яхши билган. Шунга қарамасдан Б.Ахмедовни ушлаб беришга ҳаракат қилиб, унга ёрдам беришни илтимос қилиб сўрайверган. Масалан иш ҳужжатларидан кўринишича, А.Шарипов ўзининг уяли телефонидан Б.Ахмедовнинг уяли телефонига 2021 йил 27 январь куни 1 марта, 28 январь куни 7 марта, 29 январь куни эса 5 марта мунтазам телефон қилиб турган. Фирибгарликда жабрланувчи одам уни алдаган деб ҳисоблаган одамга қўнғироқ қилиб унга ёрдам беришни илтимос қилавермайди. Ишдаги мавжуд суҳбатлар ёзиб олинган дисклар стенограммасидан кўринишича, А.Шарипов Б.Ахмедовга “Сиз энг асосийси муаммо бўлмаса бўлди. Ўша Россия борганимда хат-пат келмасин, уйдагилар безовта бўлмаса бўлдида” деб мурожаат қилган. Мазкур маълумотлар А.Шарипов Б.Ахмедовга мунтазам равишда қўнғироқ қилиб, унинг ишончига кириб, пул бериш таклифи билан Б.Ахмедовни пул олишга ундаб келганлигидан далолат беради. Судлов ҳайъати, юқоридаги асослардан келиб чиқиб, Б.Ахмедовнинг А.Шариповнинг ўзи унга пул таклиф қилганлиги, ундаганлиги ҳақидаги важларини улар иш ҳолатларига мос келганлиги боис ҳам, ишончга сазовор деб топди.
Ҳурматли газетахон! Мақоламизнинг бошланишида айтганимиздек, Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Қарорининг
4-бандида тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкинлиги кўрсатилган. Шу боис ҳам, судлов ҳайъати, юқорида кўрсатилган асослардан келиб чиқиб, иш бўйича А.Шарипов Б.Ахмедовдан “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг ҳисоб варағини очишга ёрдам сўраганлиги, пул бериш ташаббуси А.Шариповдан чиққанлиги, айнан А.Шарипов Б.Ахмедовни тегишли ҳаракатларни содир этишга ундаганлиги, яъни провокация қилганлиги сабабли, юқорида кўрсатилган Қонун, ЖПК, Президент фармони, Олий суд Пленуми Қароридаги талаблардан келиб чиқиб, жиноят иши бўйича оғзаки аризани қабул қилиш, диктафон тақдим этиш, диктафон қабул қилиш, стенограмма, пулларни аризачига топшириш, аризани текшириш ва кўздан кечириш ҳақидаги тергов ҳаракати баённомаларини номақбул далил деб топишни лозим топди. Якуний қарор билан Б.Ахмедовга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.
Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг Б.Ахмедовга нисбатан оқлов ҳукмининг қонунийлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида, кассация инстанциясида яна бир марта кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилди. Ватандошимизга нисбатан оқлов ҳукми тўғри чиқарилганлиги яна бир бор тасдиқланди. Бундай адолатли қарор учун ишни кассация инстанциясида кўриб чиқишда иштирок этган Олий суд судьяларига, чунончи Илхом ака Рахманкулов, Шамсиддин ака Тожиев ва Жаҳонгир ака Гайбуллаевга (ҳозирда жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси) ҳам миннатдорчилик билдираман. Чунки оқлов ҳукми чиқариш учун илм, салоҳият, интилиш, озгина бўлсада жасурлик, адолатни ва одамларни севиш кераклигини судья сифатида жуда яхши биламан.
Мақоланинг сўнгида айтмоқчи эдимки, ҳуқуқ фанида провокация тушунчасини илмий ўрганишимиз лозим. Бундай ҳолатнинг қачон қонуний бўлиши қачон эса қонунга хилоф бўлиши аниқланиши лозим. Ўз навбатида жамиятимизда, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида ноқонуний провокация ҳолатларига чек қўйишимиз керак.
Қадимги римликларнинг ажойиб мақоли бор. “Дунё барбод бўлса бўлсин, лекин адолат тантана қилсин” – дейди улар. Фикримизча, қонуний чиқарилган ҳар қандай оқлов ҳукми адолат тантанасига хизмат қилади. “Бирники юзга, юзники мингга, мингники эса туманга” деганларидек, суднинг оқлов ҳукми аввало оқланган шахснинг оиласига, қариндошларига, маҳаллага, туманга ва пировардида бутун жамиятга катта ижобий таъсир кўрсатади. Шундай экан бундай адолатли қарорлар чиқаришда ҳамкасбларимга куч-қувват ва омад тилайман.
Жиноят ишлари бўйича
Жондор туман суди раиси
юридик фанлар номзоди
Суръат Найимов