Ўқувчилардан бири жарoҳaт олган пайтида бир нафари олган жароҳати туфайли касалхонада вафот этган.
Жорий йилнинг 18 март куни Когон тумани 5-ИДУМнинг 9-10-11-синф ўқувчиларидан иборат 54 нафар ўқувчилар автобусда Бухоро давлат драма театрига олиб кетилаётганида ЙТҲ содир бўлган. ЙҲХХнинг дастлабки маълумот беришича, йўловчилардан 1 нафари О.Ж. исмли 9-синф ўқувчиси вафот этган, бир нафари эса жароҳат билан касалхонага ётқизилган.
Bugun.uz боғланган “Сухор” МФЙ раси Б. Тойировнинг айтишича, жароҳат олган ўша ўқувчи ҳам бугун, 19 март куни вафот этган.
Bugun.uz нинг ёзишича, видео тасвирларга кўра, ҳодиса содир бўлган куни чорраҳада светофор ишламаган (Когон тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 32-километри).
Асосий йўл белгиси юк автомобили ҳаракатланаётган томонда бўлишига қарамай, автобус ҳайдовчиси чорраҳани кесиб чиққан. Видеодаги тасвирлардан ҳам кўриш мумкинки, автобус ҳайдовчисининг диққати жойида бўлмаган, ҳатто ҳодиса вақтида «тормоз» босишга ҳам улгурмаган.
«Ўзбекистон Республикасида автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар»да мактаб ўқувчиларини саёҳатга олиб чиқишда, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун туман ЙҲХ бўлимига мурожаат қилиш кераклиги белгиланган. Аммо мактаб маъмурияти туман ЙҲХ га мурожаат қилмаган.
Автобус ҳайдовчиси (1991 й.т фуқаро О.Ш) «Buxoro express trans» МЖЧ га аъзо бўлган ҳолатда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигидан Bugun.uz га маълум қилишларича, ҳозирда мазкур воқеадан жабрланган ўқувчиларнинг руҳий-психологик ҳолатини яхшилаш ва уларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида Когон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг икки нафар психолог ходимлари бириктирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот тавсияси асосида Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланди. Бироқ, масъул саволларга жавоб беришни истамади.