Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик, сабр эса шифонинг бошланишидир. Абу Али Ибн Сино
XXI-аср ОАВ ва интернет асри, интернет орқали биз керакли маъмлумотларга эга бўламиз, ахборот янгиликларидан хабардор бўлиб турамиз. Аммо шундай инсонлар бор-ки, интернетдан унумли фойдаланиш ўрнига, ваҳимали ёки бошқача турдаги ғояларни тарғиб қилади. Коронавируснинг (COVID-19) қарийб бутун дунёга тарқалишидан фойдаланган баъзи бир шахслар, юртимизнинг конституциявий тузумини ҳамда қонунчилигимизни бузишга ва одамлар орасида ваҳимани ёйишга ҳаракат қилишмоқда. Улар фуқаролар ўртасида адоват қўзғатиб, шундан манфаатдор бўлади. Ижтимоий тармоқлардан, яъни telegram, instagram, facebook ва youtube сингари тармоқлардан унумли фойдаланиш ўрнига ваҳима ва адоват тарқатишади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддасида – ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборот излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Бу дегани ваҳима тарқатиш Қонунга зиддир. Ўзбекистон Республикасида Қонун устувордир.
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (26.12.1997) (янги таҳрири-15.01.2007) қонунига асосан, Оммавий ахборот воситаларидан:
- Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
- Уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;
- Давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
- Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш ва қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
- ОАВдан жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ваҳима тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган, жумладан:
Ўзбекистон Руспубликаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 205-моддасида, фавқулодда ҳолат эълон қилинган жойларда миш-мишлар тарқатиш ва ҳуқуқ-тартиботни буззишга ундовчи ёки миллий адоватни авж олдирувчи бошқа ҳаракатлар, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз қонуний ҳуқуқлари ва бурчларини амалга оширишларига фаол тўсқинлик қилиш, худди шунингдек ички ишлар органлари ходимининг, ҳарбий хизматчи ёки жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажараётган бошқа шахсларнинг қонуний фармойиши ёки талабига қасддан бўйсунмаслик ёхуд жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини бузадиган бошқа шунга ўхшаш ҳаракатлар ёки маъмурий назорат қоидаларини бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача иқдорда жарима солишга ёки ўттиз суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Конституциямизнинг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Дарҳақиқат коронавирус (COVID-19) туфайли чет элларда қолиб кетган фуқароларимизни давлатимиз томонидан олиб келиниб, уларга бепул тиббий ёрдам ташкил этилаяпти. Бу давлатимизнинг кафолатланган конституциявий ёрдамидир. Чет элдан келган фуқароларимиз ёки чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида карантинга жойлаштирилаяпти. Хўш, карантин ўзи нима?
Карантин – ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишини чеклашга қаратилган, маълум ҳудудни касаллик тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга қаратилган профилактик тадбирдир. Карантин эълон қилинган жойда аҳоли орасида ҳамма турдаги алоқа, борди-келди кескин чекланади.
Буни қарангки карантин пайтида ҳам карантин қонун-қоидаларини бузадиган шахслар топилиб туради. Карантин эълон қилинган ҳудудга ўзбошимча тарзда кириш ёки карантин жойидан қочиш, карантин тартиб-коидасини бузганлик учун Маъмурий ҳамда Жиноий жавобгарликка тортилади:
Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддасига мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади жазоланади (ЎЗҚ – 613 – сон 26.03.2020).
Азиз ватандошлар, ваҳимага берилмасдан, карантин қоидаларига риоя қилайлик. Куч бирликдадир, агар ҳаммамиз бир тану бир жон бўлсак ҳар қандай қийинчиликларни осон енгиб ўтамиз. Шифокорлар томонидан тавсия этилаётган гигена қоидаларига риоя қилсак, ваҳима қилмасдан бир ёқадан бош чиқарсак, қонунларга зид ҳатти-ҳаракатлар қилмасак, биз албатта бу “бало”ни енгиб чиқамиз, жамоат жойларида ниқобсиз юришни унутманг! Уйда колинг!
Шавкат Зиядуллаев Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси