2020/2021 ўқув йили ва имтиҳонлар ташкил этилиши билан боғлиқ мавзуларда АОКА штабига аҳолидан келиб тушаётган саволларга Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевнинг жавоблари:
❓Кириш имтиҳонлари барвақт бўлса, камига биз вилоят марказига узоқдан борамиз. Абитуриентларни олиб бориб-олиб келиш учун автобуслар йўлга қўйилса бўлмайдими? Таксилар ҳам қимматлайди ўша куни…
🚌 Тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан тест синови ўтказиладиган объектлардан узоқда жойлашган туманлардан абитуриентларни олиб келиш ва жойига етказиш бўйича жамоатчилик транспорти қатновларини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.
❓Карантин ҳудудида сақланаётган абитуриенталар қандай имтиҳон топширади?
🚫 Тест синовлари фақат белгиланган очиқ майдонларда ўтказилади. Агар абитуриент карантинда бўлса, тест синовларида ишитирок эта олмайди.
❓Бу йил 2020/2021 олий ўқув юртига киришда касб-ҳунар коллеж ва лицей китобларидан тестлар бўладими? Бу йил коллеж дарсликларидан савол тушмайди деган гаплар юрибди?
📖 Тест топшириқлари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тавсия этилган дарсликлар рўйхатида мавжуд китоблардан тузилади. Бунда ҳар бир фан бўйича дарсликлар турлича. Тест топшириқлари қайси дарсликлардан тузилишини расмий сайтимиздан кўришингиз мумкин.
🔰 Қайд этиш керакки, ҳукумат кўрсатмасига мувофиқ 2017 йилдан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва 11 синф дарсликлари негизида умумий ўқув дастури шакллантирилган. Ҳозир унда бошқа китоб, унисида бошқа дарслик, деб бўлмайди. Соддалаштириш мақсадида уларнинг барчаси умумий дастур асосида тузилган
❓Имтиҳонлар 2 сентябрдан бошланиши ва 14 кун давом этиши айтилди. Касбим ҳамшира ва мен 1 сентябр куни карантинда ишлаш учун шифохонага кираман, 14 кун ўша жойда бўламан. Имтиҳонда қатнаша олмайманку, бунда қанақа чора кўриш мумкин?
✅ Агар абитуриент карантин зонада ишлаётган бўлса, тест синовларида ишитирок эта олмайди. У агар касалланмаган бўлса, ё ишни, ё тест топширишни танлаши керак бўлади.