Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасалари ва мактабгача таълим ташкилотларида 2023 йилнинг 10-17 январь кунлари навбатдан ташқари таътил эълон қилинди.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига мувофиқ, буджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланиши лозим. Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида аёллар меҳнатига ҳақ тўлаш камайтирилмайди.
Шунингдек, кодекснинг 229-моддасига кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир.
231-моддага биноан эса ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра ёз вақтида ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади.