Вобкент тумани ҳокими Ф.Умаров ва туман ИИБ бошлиғи Ў.Сойибовлар тумандаги мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим сифати ва болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Вобкент тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 42 та умумий ўрта таълим мактаблари бўлиб, уларда 21227 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Жорий йилда Вобкент туманидаги 8-, 19,- 24 ва 34-умумтаълим мактабларида инвестиция дастури асосида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бугун туман ҳокими Ф.Умаров тумандаги 7-, -17, -24, -27, -32 ва 34-умумий ўрта таълим мактаблари ва 2-мактабгача таълим ташкилотида яна бир бор қишки мавсумга тайёргарлиги, қозонхоналарнинг шайлиги, синфхона ва кабинетларнинг иситиш тизими, аҳволи яъни батареяларнинг яроқлилиги қай аҳволда эканлигини амалда кўриб, мутасадди ходимларга ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг асосий қисми иситиш тизимидаги эътиборсизликдан келиб чиқаётганлиги ҳақида тушунча ва тавсиялар бериб ўтди.
Айни вақтда мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти биносида қиш фасли муносабати билан барча шароитлар тайёрланган. Синф хоналари иссиқ.
— Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароитларни яратиш, ўқитувчиларнинг ўқувчиларга сифатли билим беришини назорат қилиш мактаб раҳбарларидан талаб қилинади. Ўқувчилар совуқ хоналарда ўқимаслиги керак,-дейди Фарход Умаров.
Қишнинг ҳар бир куни синовдир. Қиш фаслини беталафот ўтказиш эса унинг «имтиҳон»ларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ.Буни нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримиз бир зум бўлсада, ёддан кўтармаслигимиз, тайёргарликни пухта қилишимиз керак.