Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари, яъни 1990 йилда туғилган У.Д. (муқаддам ЖКнинг 164-моддаси (“Босқинчилик”) ва 166-моддаси (“Талончилик”) билан судланган) ҳамда 1991 йилда туғилган Ф.Х. (муқаддам ЖКнинг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 176-моддаси (“Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан судланган)лар аниқланиб, қўлга олинганлар. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 12 август куни гумонланувчи У.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ИИО ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ тез-тиббий ёрдам келгунга қадар У.Д. ҳушига келмай вафот этган. Бирламчи ташхисга кўра гумонланувчининг ўлими “Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” оқибатида юзага келган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда, У.Д.нинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича тегишли судга оид тиббий-экспертиза тайинланган.