Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашов, шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирокида Бухоро шаҳрида ўтган йиллар давомида реновация дастури асосида қуриб, фойдаланишга топширилиши лозим бўлган уй-жойлар қурилишини якунлашга доир аввалги ўрганишларда берилган топшириқлар ижросини муҳокама қилди.
Таъкидлаш лозимки, Бухоро шаҳрида 2018 – 2021 йиллар давомида реновация давлат дастури доирасида 59 та 2-3 қаватли уй-жойлар (788 та хонадон ва 136 та нотурар объектлар) бузилиб, ўрнига замонавий лойиҳалар асосида 3640 хонадондан иборат 69 та уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда 61 та уй-жой қуриб фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунда 8 та объектда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.
Хусусан, “Евро Хаус” МЧЖ томонидан барпо этилаётган С.Айний кўчаси 17-уйнинг 2 та лифт қурилмаси учун хулоса олиш, “Муҳаббат имкон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан қурилаётган М.Иқбол кўчаси 6/1-уйни доимий электр тармоғига улаш, 2 та лифт қурилмаси ва дераза ойналарини ўрнатиш, “Хумо Азия” МЧЖ томонидан қурилаётган С.Айний кўчаси 17/1-уйни доимий электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоғига улаш, “Рамзес Чандир” МЧЖ томонидан И.Каримов кўчасида барпо этилаётган уйнинг лифт қурилмалари ва қуёш панелларини ўрнатиш, шунингдек, том қоплама ишларини амалга ошириш, объект ҳудудини ободонлаштириш зарур.
Ботир Зарипов қурилиши якунланмаган ҳар бир кўп қаватли уй-жойда амалга оширилиши белгиланган ишларни жадаллаштириш лозимлигини алоҳида таъкидлади ва бу борада масъулларни қатъий огоҳлантирди. Қурилиш ишларини якунлаш ва уй-жойларни кам-кўстсиз фойдаланишга топшириш бўйича қўшимча муддат белгиланди.
Шунингдек, қурилиш меъёрлари ва сифат талабларининг бузилишига, уйларнинг фойдаланишга қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштиришда сансоларликка йўл қўймаслик зарурлиги айтиб ўтилди.