«Темир дафтар»га кириш осон, чиқиш эса анча қийин. Бу ҳақда бизга Наманган вилоятига қилинган сафар давомида сўзлаб беришди. Умуман, дафтарга кириш-чиқиш тартибини тушунтиришдан олдин рўйхатдан кимлар киритилиши ҳақида озгина гаплашсак.
Дафтарга кирувчилар
«Темир дафтар»га эҳтиёжманд оилаларнинг 7 тоифаси киритилиши кўзда тутилган. Булар:
1. кам таъминланган;
2. ногиронлиги бўлган;
3. ижтимоий ҳимояга муҳтож;
4. якка-ёлғиз кексалар;
5. доимий ишсиз фуқаролар;
6. карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;
7. оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларнинг оилалари.
Муҳтож оилалар аниқлаб олингандан сўнг масъул ходимлар «Темир дафтар»даги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб боришади.
Кириш
«Темир дафтар»га кирувчилар рўйхатини шакллантириш маҳалла орқали амалга оширилади. Рўйхат тайёр бўлгач, туман ҳокимлигига тақдим этилади. Шундан сўнг сектор раҳбари, туман халқ депутатлари кенгаши вакили ва маҳалла оқсоқоли биргаликда жойларга чиқиб, оилалар ҳолатини ўрганиб чиқади. Умумий хулоса асосида шакллантирилган рўйхат туман халқ депутатлари кенгаши муҳокамасига қўйилади. Кенгаш тасдиғидан ўтган оилалар «Темир дафтар»га киритилади.
Иш жараёни
Шундан сўнг камбағал оилалар билан иш жараёни бошланиб кетади. «Темир дафтар»га киритилган оилаларга комплекс ёрдам кўрсатилади. Моддий ёрдамдан тортиб, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларигача етказиб берилади. Аммо энг муҳими — оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаб, муҳтожликдан чиқариш лозим. Қачонки доимий даромадга эга бўлинса, ўшанда барака бўлади.
Бу ўринда тайёр иш ўринлари билан биргаликда пул топишнинг бошқа йўлларини ўргатиш ҳам жуда муҳим. Хусусан, иссиқхоналар қуриб бериш, мол-қўй олиб бериш, товуқ етиштириш каби ташаббуслар катта аҳамиятга эга. Албатта фуқароларга иссиқхона юритиш ва мол-қўй боқишни ўргатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Худди шу масалада Наманганда иш яхши олиб борилмоқда. Иссиқхона қурилган хонадонларга кўчат етказиб берилмоқда, чорвани парваришлаш йўллари ўргатиляпти. Хуллас, «Темир дафтар»даги оилалар исталган масала бўйича сектор раҳбарларига мурожаат қилишлари мумкин.
Чиқиш
Оила ўзининг доимий даромадига эга бўлган тақдирда ҳам уни «Темир дафтар»дан чиқариш осон бўлмайди. Бунинг учун фуқаро аввало маҳаллага мурожаат қилиб, рўйхатдан чиқариш бўйича ариза топшириши лозим. Сўнгра мурожаат туман ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилади. Аммо ҳокимлик рози бўлган тақдирда ҳам «Темир дафтар»дан чиқариш бўйича сўнгги қарор туман халқ депутатлари кенгаши томонидан қабул қилинади. Кенгаш рад этса, оила дафтарда қолаверади.
Аммо ҳаммаси яхши кечиб, оила «Темир дафтар»дан чиққан тақдирда ҳам барибир маҳалла ва ҳокимлик кузатувида қолаверади. Лозим бўлса яна ёрдам кўрсатилади. Энг муҳими — «Темир дафтар»дан чиқарилган оила яна камбағалликка қайтмаслиги лозим.