Абитуриент қизларга ажратиладиган тавсиянома кимларга берилади?

 Абитуриент қизларга ажратиладиган тавсиянома кимларга берилади?

Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга қўшимча 4% лик давлат гранти асосида ОТМларга қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиш учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади:

➖ кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорнинг 0,527 баравари (393 минг 827 сўм)дан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади);

➖ тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;

➖ турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;

➖ ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;

➖ ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;

➖ ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;

➖ икки ёки ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;

➖ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Ушбу тоифаларга тўғри келадиган хотин-қизлар 8 июнга қадар aziz-ayol.uz сайти орқали электрон равишда ариза беришлари мумкин. Мабодо муаммо ёки тушунмовчилик бўлса, яхшиси яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинларига мурожаат қилганлари маъқул.

Бу тавсиянома ўзи нима беради?

Қуйидагиларни унутманг:

❌ Тавсиянома балл қўшиб бермайди;

❌ Тавсиянома олганларнинг ҳаммаси ўқишга 100% киради дегани ҳам эмас;

❌ Тавсиянома танланган бешта йўналишга ҳам ўтавермайди, фақат биринчи йўналиш бўйича ҳисобланади.

Мавзуга оид