USD10 427.380.00%
RUB137.90+0.92%

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жанубий Кореяга турмушга чиққан ўзбек қизлари ўқиётган марказ акс этган видео бўйича изоҳ берди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жанубий Кореяга турмушга чиққан ўзбек қизлари ўқиётган марказ акс этган видео бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда ўзбек қизларини Жанубий Корея фуқароларига турмушга бериш учун тайёрлаётган марказ фаолиятига оид видео тарқалди. Видеода корейс миллатига мансуб эркак йиғилган қизларга кореялик турмуш ўртоқлари билан тил топишиш ва яхши яшаб кетиш учун керакли тавсияларни бераётгани акс этган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур видеода акс этган ҳолатга изоҳ берди.

Маълум бўлишича, мазкур видео Тошкент шаҳар Яккасарой тумани «Ҳ.Сулаймонов» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2-Миробод кўчаси 35-уйда жойлашган «Сежонг Ҳакданг» ўқув марказида 2020 йил 7 сентябрь куни навбатдаги ўқув мавсумининг очилиш маросимида тасвирга олинган.

«Сежонг Ҳакданг» ўқув маркази 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон фуқароларига корейс тили, маданияти ва миллий таомларини ўргатиш мақсадида фаолият олиб боради.

Агентликнинг ўқув марказ раҳбари Хо Со Хенгга таяниб маълум қилишича, ҳозирги вақтда марказда таҳсил олаётган 350 нафар ўқувчининг 31 нафари Жанубий Корея фуқароларига турмушга чиққан.

«Ўқув маркази ўз ўқувчиларига фақат корейс тили ва маданияти, шунингдек, қизиқувчилар учун корейс миллий таомларини ўргатиш билан шуғулланади. Уларни чет элга юбориш ёки Жанубий Корея давлати фуқароларига турмушга чиқишини ташкил этиш бу ўқув маскани мақсадларига кирмайди. Бу ерда таҳсил олаётган, корейс фуқароларига турмушга чиққан ўзбек қизларининг улар билан танишуви ёки оила қуришига мазкур ўқув марказининг алоқаси йўқ. Бу фуқаролар турмушга чиқиб, ўрнатилган тартибда никоҳни қайд этгандан сўнг бу ўқув марказига мурожаат қилган», — дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарида.

Аввалроқ ўзбекистонликлар Жанубий Кореяга COVID-19’га чалинмаганлик ҳақида сохта маълумотнома билан келаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид