1. Кимларга тўлаб берилади?
Ётоқхона билан қамраб олинмаган талабаларга. Агар ётоқхонада жой бўлса-ю, талаба у ерда турмасдан ижарага чиқса — компенсация берилмайди.
Ўз уйида эмас, яъни ўзига ёки ота-онасига (қонуний вакилларига) тегишли бўлмаган уйда яшаб турган бўлиши керак.
Фақат давлат олий таълим муассасаси талабаcи бўлиши шарт (хусусий университетлар талабаларига берилмайди).
Фақат Ўзбекистон фуқаролари ёки мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларгина олиши мумкин. Хорижий фуқароларга берилмайди.
Фақат кундузги таълим талабалари олади. Сиртқи, кечки, масофавий ва қўшма таълим дастурида ўқиганларга берилмайди.
Доимий рўйхатга олинган жойидан бошқа туман ёки шаҳарда яшаши керак.
Давлат грантида ёки контрактда ўқиши фарқ қилмайди — ҳар иккаласи ҳам олиши мумкин.
2. Қанча миқдорда тўлаб берилади?
Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 1 баравари (412 минг сўм).
Бошқа ҳудудларда — ярми (206 минг сўм).
3. Ижара шартномаси шарт
Талаба компенсация олиши учун ижара.soliq.uz сайтида рўйхатдан ўтказилган шартнома бўлиши шарт.
Фақат 1-курсларга сентябр ва октябр ойларида шартнома талаб этилмайди. Ноябрдан шартнома бўлиши шарт.
Бир уйда бир нечта талаба яшаса, барчаси шартномада кўрсатилиши зарур.
❗️Муҳим: Талабаларга уйини ижарага берган фуқаролар бу даромаддан солиқ тўламайди (Солиқ кодекси, 378-модда, 19-1-банд).
4. Биринчи навбатда кимларга берилади?
Ижтимоий ёрдамга муҳтож талабаларга.
Фаол ва ўрнак кўрсатган талабаларга.
Ижарада яшовчи давлат ОТМ талабаларининг 60%ига компенсация ажратилади. Агар бюджетда маблағ етмаса, университетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши мумкин.
5. Ариза қандай топширилади?
Ҳар ойнинг 7-санасига қадар онлайн топширилади.
kontrakt.edu.uz орқали шахсий кабинетга кирилади.
“Ижара тўловлари” бўлимида “Ариза юбориш” тугмаси орқали ариза юборилади.
6. Рад этиш асослари
Сохта ҳужжат тақдим этиш, манзил номувофиқлиги, муддат ўтказиб юбориш.
Нотўғри маълумот берган талабалар рўйхати шакллантирилади ва уларга компенсация тўхтатилиши мумкин.
Камчилик тузатилгандан сўнг қайта ариза берса бўлади.
7. Қачон тўхтатилади?
Талаба академик таътилга чиқса, курсда қолса ёки университетдан чиқарилса.
Ижара шартномаси бекор қилинса ёки манзил ўзгарса — 3 иш кунида хабар бериш шарт.
📌 Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарори.