Экология — инсоният ҳаётининг узлуксиз давом этиши ва табиат мувозанатини сақлашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Атроф-муҳитга етказилган ҳар қандай зарар, охир-оқибатда инсон саломатлиги, иқтисодий тараққиёт ва жамият фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қатор ҳуқуқий нормалар белгиланган.
Экология соҳасидаги жиноятлар нима?
Экологик жиноятлар — бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, табиий ресурсларни ноқонуний равишда ишлатиш, ер, сув, ҳаво, ўрмон ва ҳайвонот оламига зарар етказиш билан боғлиқ қонунбузарликлардир. Булар сирасига, экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш, атроф табиий муҳитнинг ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки бузиб кўрсатиш, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик, атроф табиий муҳитни ифлослантириш, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш, ўсимликлар касалликлари ёки зараркунандалари билан кураш талабларини бузиш, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш, Зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш, ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш каби жиноятлар киради. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 4-бўлим, 14-бобида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун тегишли жазо чоралари белгиланган.
Экологик қоидабузарликларни содир этиш, тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади. Экологик хавфсизлик — ҳар бир фуқаро ва жамиятнинг умумий бурчи. Жиноятларнинг олдини олишда қонунчилик талабларига риоя қилиш, жамоатчилик назорати ва аҳолида экологик маданиятни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Табиат — умумий бойлигимиз, уни асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг масъулиятимиздир.
Н.Рахимов Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судининг раиси
“Табиатга қарши жиноят – жамиятга қарши жиноят”
Фикр билдириш
Фикр билдириш