Судланганлик кўрсаткичи ошган ўғрилик жинояти тушунчаси судлар томонидан мазкур тоифадаги кўрилган ишлар ва уларга тайинланган жазолар ҳамда ушбу жиноятни олдини олиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар

 Судланганлик кўрсаткичи ошган ўғрилик жинояти тушунчаси судлар томонидан мазкур тоифадаги кўрилган ишлар ва уларга тайинланган жазолар ҳамда ушбу жиноятни олдини олиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар

Сўз бошида ўғрилик тушунчасига назарий жиҳатдан таъриф бериш мақсадга мувофиқ.

Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғирлик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин, чунки унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди; айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди.

Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яши­рин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мул­кини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бош­лайди. Бироқ ўғирлик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мул­кини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир ва бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.

Ўғрилик яширин равишда содир этилади, мулк эгаси ёки мулк ишониб топширилган ёки ихтиёрида турган шахсга сездирмасдан улар йўқ вақтда ёхуд мулкдор ёки бошқа шахслар мулкнинг талон-торож қилинаётганини тушунмаган вақтда содир этилади. Кўпгина ҳолларда ўғрилик, талончилик ва босқинчилик каби тушунчалар адаштирилади. Лекин ўғриликни улардан ажратиб турадиган жиҳати шундаки, ўғриликда ўзганинг мол-мулки зўрлик ишлатилмасдан яширин равишда олинади, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган қилмиш бу босқинчилик ҳисобланади .

Амалдаги жиноят қонунчилиги бўйича жавобгарликинг муқаррарлиги принципи мавжуд бўлиб, шахс  жиноят содир қилганлиги исботланса жавобгарликка тортилиши шарт. Бу принцип барча фуқароларнинг ҳаракатига нисбатан огоҳлантирувчи таъсир кучига эга бўлиб, жамиятда жиноятнинг содир этилишида тўсиқ бўлувчи девор сифатида баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддасида, ўғирлик-ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бу меъёрлар ушбу жиноятчиликнинг олдини олиш,  корхона, муассаса ва ташкилотларнинг, давлат ҳамда фуқароларнинг мулкини муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Давлатимизда фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, жиноятчиликни олдини олиш бўйича Бухоро вилояти бўйича маҳаллаларда жиноят содир этиш сабаблари
ва омилларини ўрганиш натижалари юзасидан “Йўл харитаси”ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра ҳар бир жиноятчилик статистик таҳлил қилинган ҳолда уларни олдини олишга доир чора тадбирлар белгиланиб келинмоқда.

Ҳисоботларда қайд қилинишича, 2020 йилда вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 14,8 фоизини ўғрилик билан боғлиқ жиноятларни (ЖК 169-модда) содир қилганлар ташкил этади.2019 йилда ўғрилик билан боғлиқ 285 та шахсга нисбатан 220 та жиноят иши кўриб тамомоланган бўлса 2020 йилда бу кўрсаткич 358 тахсга нисбатан 259 та жиноят ишини ташкил этган.

Таҳлил натижаларига кўра, ўғирлик жинояти асосан ёшлар, ишсизлар ва муқаддам шу турдаги жиноятни содир этганлиги учун судланган шахслар томонидан содир этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан ҳар бир вилоят ва туман кесимида секторлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларни барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш сектор раҳбарларининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Шу асосида Бухоро вилояти мисолида “Хавфсиз маҳалла” концепциясини амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 2020 йил давомида ўғирлик (ЖКнинг 169-моддаси) билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитлар таҳлил қилиниб,

1. Ўғирлик жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳақида бу тоифада кўрилган жиноят ишларидан аниқ мисоллар келтирган ҳолда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, интернет жаҳон алоқа тармоғидаги турли ижтимоий сайтлардан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар матбуот хизматлари имкониятларидан кенгроқ фойдаланган ҳолда тушунтириш ишларини олиб бориш;

2. Аёллар ва ёшлар томонидан бу тоифадаги жиноятларни содир этиш ортганлиги сабабли 2017 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ва 2018 йил 13 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг “Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низолар ҳамда никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида” Қўшма кўрсатмаси асосида аёлларни ва ёшларни ижтимоий-маънавий томондан соғломлашишига кўмаклашиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятга зид хатти-ҳаракатларни содир қилмаслик, турли салбий таъсирларнинг олдини олиш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашишида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тизимли профилактик-тарбиявий ишларни олиб бориш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ва Ёшлар агентлиги ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликни кучайтириш;

3. Бу тоифадаги жиноят ишларини аҳолининг кенг қатламига тарбиявий таъсир кўрсатиш ва шу орқали содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришиш ҳамда аҳолининг эътиборини қонун бузилиши ва унинг юзага келиши сабабларига қаратиш, фаол курашишга жалб этиш мақсадида сайёр суд мажлисларида кўриш амалиётини кўпайтириш каби бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Сухандиёр РЎЗИЕВ, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Мавзуга оид