Иқтисодий судлар томонидан кўриладиган ишларнинг бир тури – буйруқ тартибида кўриладиган аризалардир. Бу суд ҳужжати суд буйруғи деб номланади. Бу тоифадаги ишларнинг тарафлари кредитор ва қарздор бўлиб, судга ариза билан мурожаат қилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор кредитор, яъни ҳақ талаб қилувчи, ариза қаратилган шахс эса қарздор ҳисобланади.
Суд буйруғи кредиторнинг низосиз талабларини қаноатлантириш тўғрисидаги судьянинг ҳужжатидир. Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга бўлиб, у бўйича ундирув буйруқ берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Суд буйруғи беришга асос бўлувчи талаблар:
- солиқлар бўйича қарздорликни ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса;
- коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилганда (бунда коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари бўйича қарздорлик суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаслиги керак);
- ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисидаги талаб билдирилганда;
- талаб тўланмаганлиги, акцептланмаганлиги ва акцептга сана қўйилмаганлиги сабабли нотариус томонидан қилинган вексель протестига асосланганда;
- ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувчи қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги талаблар билдирилганда.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2013 йил 5 декабрдаги 254-сон қарорининг 2-бандида қайд этилишича, ИПКнинг 135-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш бўйича талабларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва у кенгайтирилган тарзда талқин қилинмайди.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризада кўрсатиладиган маълумотлар:
ариза берилаётган суднинг номи; - кредиторнинг, қарздорнинг номи ва уларнинг манзиллари;
- кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;
- талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар;
ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, ундирув қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкка қаратилган тақдирда эса, ундирилаётган кўчар морл-мулкнинг тавсифи ва тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби;
ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр;
илова қилинган ҳужжатлар рўйхати.
Булардан ташқари, аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни ИПКда белгиланган талабларга тўлиқ мос бўлиши шарт.
ИПК 135-моддасининг 3-бандига асосан ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисидаги талаб билдирилганда кредитор томонидан аризада дебиторлик қарзини қарздорнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаб билдирилганда аризани қабул қилиш ИПК 140-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилади.
ИПК 135-моддасининг 3-бандига асосан қарздорликни ундириш тўғрисида талаб қўйилганда қарздорлик қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши, яъни икки томонлама тасдиқланган солиштирма далолатнома судга тақдим этилиши лозим. Шунингдек, кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг нусхасини топшириши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2013 йил 5 декабрдаги 254-сон қарорининг 9-бандида баён қилинишича ИПКнинг 137-моддасига мувофиқ аризачи (кредитор) суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт.
Қарздор юридик шахсга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси топширилганлигининг далили бўлиб, унинг раҳбари ёки ходимининг муҳр (штамп) (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланган имзоси, қарздор фуқарога эса, унинг шахсий имзоси ҳисобланади. Ушбу тартибга риоя қилинмаган тақдирда, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ИПК 141-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан аризачи (кредитор)га қайтарилади.
Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар:
- белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхасининг қарздорга топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- талабга асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
- агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза кредиторнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, унинг ваколатини тасдиқловчи ишончнома.
Коммунал хизматлар қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирил- ган бўлса иқтисодий суд томонидан суд буйруғи берилади. Бунда қуйидаги ҳужжатлар қўшимча тарзда тақдим этилиши лозим.
Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарзни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар: - истеъмолчи билан тузилган шартнома;
- қарздор тан олган қарз юзага келган давр кўрсатилган қарз ҳисоб-китоби;
- пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақида огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни узиш тўғрисидаги талаб;
-истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақидаги ёхуд етказиб беришни технологик ёки авария захираси даражасигача чеклаш тўғрисидаги далолатно манинг кўчирма нусхалари.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Агар судга мурожаат қилган кредитор ўзининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти эканлигини тасдиқловчи далилни тақдим қилса, суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза юзасидан умумий тартибда ундириладиган давлат божининг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўлаши кифоя бўлади.
Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризада билдирилган талаб ИПКнинг 135-моддасида назарда тутилмаган бўлса ёки билдирилган талаб иқтисодий судда кўриш учун тегишли бўлмаса судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади. Бу тўғрисида ажрим чиқарилади ва унинг устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Шунингдек, ИПКнинг 141-моддасида аризани қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилган.
Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза қуйидаги ҳолларда қайтарилади: - ариза ИПКнинг 136-моддасида белгиланган талабларга риоя қилмаган ҳолда берилганда;
ариза имзоланмаган ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганда;
билдирилган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда, шунингдек ИПКнинг 138-моддасида санаб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда; - қарздорга ариза нусхаси топширилгани тўғрисидаги далиллар тақдим этилмаганда;
- белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва бошқа суд харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда;
- шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаганда;
- суд буйруғи берилгунга қадар уни қайтариб олиш тўғрисида кредитордан ариза тушганда.
Судья аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушгандан беш кундан кечиктирмай, суд буйруғи берилгунга қадар уни қайтариб олиш тўғрисида кредитордан ариза тушганда эса суд буйруғини бериш ҳақидаги аризани қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай ажрим чиқаради.
Қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаси топширилган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддатд талабларига қарши эътирозини, уни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Белгиланган муддатда қарздор томонидан эътироз тақдим этилмаслиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади. Суд буйруғи кредитор томонидан аризанинг нусхаси қарздорга топширилган кундан сўнг ўн кун ўтгач берилади. Ўн кунлик муддат суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси қарздорга топширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар аризанинг нусхаси топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда бундай сана кўрсатилмаган бўлса, ўн кунлик муддат ушбу ариза судга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади.
Едда тутинг!
Суд буйруғи судья томонидан якка тартибда суд ва қарздор чақиртирилмасдан, уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан суд муҳокамасисиз, кредитор берилади.
Суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади, улардан бири ишда қолади, иккинчиси суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади ва кредиторга берилади. Қарздорга суд буйруғининг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаси юборилади.
Судга электрон тарзда мурожаат қилиш мумкин бўлиб, бунда суд буйруғининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади. Бундай тарзда тақдим қилинган ариза асосида суд буйруғи берилганда у кредиторга электрон ҳужжат шаклда юборилиши мумкин.
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди судьяси : Н.Р.Солиев