Маълумки, суднинг “олтин қоидаси”га ҳар бир низо даъвогар ёки жавобгарнинг фойдасига ҳал бўлиши ёки аксинча улардан бирининг зиёнига қабул қилиниши тайин. Баъзи ҳолатларда қабул қилинган суд ҳужжати ишда иштирок этмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилиши мумкин. Бироқ, ишда иштирок этувчи шахслар ҳар қандай ҳолатда, яъни суд ҳужжати қонуний ва адолатли қабул қилинган бўлишидан қатъий назар унинг устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин ва бу уларнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади.
Шу ўринда, апелляция ва кассация юридик атамаларининг тушунчаси ва моҳиятига қисқача тўхталсак.
Апелляция атамаси – бу лотинча сўз «appellation», яъни “мурожаат” деган маъносини англатиб, қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан норози бўлган суд процесси иштирокчиларидан бирининг шикоят қилиши ҳисобланади.
Демак, апелляция юриспруденцияда белгиланган процессуал қонунчиликка мувофиқ юқори инстанция судлари томонидан қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатларининг қонунийлигини текшириш жараёни ҳисобланади. Қонунчиликда белгиланган айрим ҳолатларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари ҳам апелляция тартибида текширилиши мумкин.
Апелляциянинг моҳияти шундан иборатки, судлар томонидан ишни кўришда йўл қўйилган хатоларни тезкорлик билан бартараф этиш ва суд ҳужжатларининг қонунийлиги ва адолатлилиги кафолатини таъминлашдан иборат.
Кассация атамаси – бу лотинча сўз «cassatio», яъни “бекор қилиш, йўққа чиқариш” деган маъносини англатиб, юқори турувчи суд инстанцияси томонидан қуйи турувчи суд инстанцияси чиқарган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини тўғрилиги ва қонунийлигини текшириш ҳисобланади.
Кассациянинг моҳияти эса шундан иборатки, судлар томонидан ишни кўришда йўл қўйилган хатоларни кечроқ муддат бўлсада бартараф этиб, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қонунга мувофиқлаштириш орқали уларнинг қонунийлиги ва адолатлилиги қўшимча кафолатини таъминлашдан иборат.
Мазкур ҳолатда, апелляция ва кассация юридик атамаларининг ўзаро бир-биридан фарқ қиладиган муҳим жиҳати – бу суд ҳужжатининг қонуний кучга кирган ёки кирмаганлиги ҳисобланади.
Қайд этиш керакки, қонунчиликка мувофиқ судларда апелляция ва кассация тартибида иш юритиш тартибида муҳим ўзгаришлар бўлди. хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-888-сон Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун 2024 йил 1 январдан кучга кирди ва барча судларда амалиётга тўлиқ жорий қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, суд ҳужжатларининг қонунийлигини қайта кўриб чиқиш судларда йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради, ишда иштирок этувчи иштирокчиларининг бузилган ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишида ва одил судловни таъминлашда, бунинг пировардида эса жамиятда ижтимоий адолатни ва фуқаролар, тадбиркорлик
субъектларининг судларга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Илҳом Юлдашев
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди раиси
Муниса Махсудова
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди судьяси