Ҳозирги кунда мамлакатимизда беқиёс даражада бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан бевосита боғлиқдир. Бозор муносабатларига ўтиш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг мавқеини янада ошириш, хусусий мулкдорлар синфини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб бериш, бозор инфратузилмаси институтларини ташкил этиш, рақобат муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш айни кунда долзарб масалалардан бирига айланган.
Шу билан биргаликда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, иқтисодиёт либераллашиб, ислоҳотлар чуқурлашмоқда ва кишиларнинг тафаккури, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти ўзгармоқда. Кишилар ўз мулкий ва шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муайян тажрибаларга эга бўлиб бормоқдалар.
Ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизни халқаро нуфузини оширишга, аҳоли турмуш фаровонлигини юқори кўтаришга хизмат қилмоқда.
Ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг юридик жиҳатдан тенглигига асосланган мулкий, шахсий ва ташкилий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда, шахслар ўртасидаги ўзаро алоқаларни шартномавий усулда тартибга солишда, ижодий фаолиятни ҳуқуқий муҳофаза қилишда шартномавий муносабатлар, жумаладан мабурият ҳуқуқи муҳим ўрин тутади.
Мажбурият ҳуқуқи нормалари ҳажм жиҳатидан нафақат фуқаролик қонунчилигида шунингдек, фуқаролик ҳуқуқи тизимининг ҳам катта қисмини ташкил қилади. Мажбурият ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, унинг нормалари билан тартибга солинадиган мулкий муносабатларнинг хусусиятларига кўра тегишли институтлар ва ёрдамчи институтлардан ташкил топади. Бундай ҳолат ижтимоий ҳаётнинг кўп соҳаларида шахсларнинг турли эҳтиёжларини таъминлашнинг мажбурият ҳуқуқи нормалари воситасида тартибга солиниши билан боғлиқдир.
Бозор иқтисодиёти шароитида асосий ижтимоий, энг аввало, иқтисодий муносабатлар фақат қонун билан тартибга солинади, унинг барча қатнашчилари эса ҳеч бир истисносиз ҳуқуқ нормаларини бузганлик учун жавобгар бўлади Шу муносабат билан бозор иқтисодиёти шароитида фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик ҳам огоҳлантирувчи, ҳам субъектларни ўз мажбуриятларига риоя қилишда мажбурловчи вазифаларни бажаради.
Фуқаролик ҳуқуқида мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи эркин бозор иқтисодиёти мамлакатимизда ривожланаётган бир шароитда, айниқса, кичик ва хусусий тадбиркорлик учун барча иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган бир вақтда шартномалар ва шу шартномалар асосида олинган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслиги оқибатида келиб чиқадиган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш ўта долзарб масаладир.
Мажбурият бўйича жавобгарликнинг турлари ушбу мажбуриятнинг хусусиятлари, қайси мақсадни кўзлаб ва уни амалга ошириш учун тузилган бўлиши, нимага, яъни қайси юридик фактга асосан вужудга келган бўлиши билан ифодаланади. Масалан мажбурият шартномага асосланган ёки шартномадан ташқари бўлишига қараб жавобгарлик шартномавий ёки ношартномавий, жавобгарлик бир неча шахслар ўртасида бўлинган бўлишига қараб улушли, солидар ва субсидиар характерга эга бўлиши мумкин.
Биз қуйида ана шундай жавобгарлик турларидан бири ҳисобланган субсидиар жавобгарлик ҳақида сўз юритамиз.
Субсидиар жавобгарлик– бу асосий қарздорнинг жавобгарлигига қўшимча равишда бошқа шахснинг жавобгар бўлишидир. Субсидиар жавобгарлик деганда субсидиар жавобгар бўлган шахс кредитор олдида асосий қарздор каби жавоб бериши тушинилади. Шу сабабли субсидиар жавобгар кредиторнинг талабларини асосий қарздор каби қабул қилмаслик, мажбурият бўйича муқобил талаб қўйиш, мажбурият бажарилмагани учун айби йўқлигини исботлаш каби ҳуқуқларга эга.
Субсидиар жавобгарликни белгилаб берувчи норма Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг
329-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлиб, жумладан Қонун ҳужжатлари ёки мажбурият шартларига мувофиқ асосий қарздор бўлган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча равишда жавобгар бўлган (субсидиар жавобгарлик) шахсга талаблар қўйишдан олдин кредитор асосий қарздорга талаб қўйиши керак.
Агар асосий қарздор кредиторнинг талабини қондиришдан бош тортса ёки кредитор ундан қўйилган талабга оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бу талаб субсидиар жавобгар бўлган шахсга қўйилиши мумкин.
Кредитор асосий қарздорга бўлган ўз талабини қондиришни субсидиар жавобгар шахсдан талаб қилишга ҳақли эмас, башарти бу талаб асосий қарздорга муқобил талабни ҳисобга ўтказиш ёки маблағларни асосий қарздордан низосиз ундириб олиш йўли билан қондирилиши мумкин бўлса.
Субсидиар жавобгар шахс ўзига кредитор томонидан қўйилган талабни қондиришдан олдин бу ҳақда асосий қарздорни огоҳлантириши, борди-ю бундай шахсга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса – асосий қарздорни ишда қатнашишга жалб қилиши керак. Акс ҳолда асосий қарздор ўзининг кредиторга қарши эътирозларини субсидиар жавобгар шахснинг регресс талабига қарши қўйиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этиб ўтилган.
Юқорида айтиб ўтганимиздек субсидиар жавобгарлик – қарздор томонидан мажбурият бўйича қарзнинг қопланмаган қисмига нисбатан учинчи шахснинг қўшимча жавобгарлиги ҳисобланади. Соддароқ қилиб айтганда субсидиар жавобгар кредитор олдида асосий қарздорнинг жавобгарлигига нисбатан қўшимча жавобгарликни ўз зиммасига олади. Кредитор дастлаб мажбурият бўйича жавобгарликни асосий қарздорга қаратади, агар у бажарилмаса субсидиар қарздор муносабатга жалб этилади. Масалан, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача вояга етмаганнинг зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмаган тақдирда, зарар тўлиғича ёки унинг етишмаган қисми вояга етмаганнинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки ҳомийси томонидан, агар улар зарар ўзларининг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, тўланиши лозим (ФКнинг 994-моддаси).
Субсидиар жавобгарлик қонунда, бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилиши ёки шартномага асосланган мажбуриятнинг шартларидан келиб чиқиши мумкин.
Ушбу борада асосий норма Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 48-моддасининг 4-қисмида мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорнинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари ушбу қонун нормаси бошқа қонун ҳужжатларида ҳам алоҳида қоида билан белгилаб қўйилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий корхона тўғрисида”ги 2003 йил 11 декабрдаги Қонуннинг 3-моддасида “Хусусий корхона мулкдори корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлиши”, “Маъсулияти чекланган ва қўшимча маъсулиятли жамиятлар тўғрисида”ги 2001 йил 6 декабрдаги қонуннинг 5-моддасида “Жамиятнинг банкротлиги иштирокчи сифатидаги шахснинг айби туфайли вужудга келган бўлса, жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкинлиги”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги 1998 йил 30 апрелдаги Қонуннинг 30-моддасида “Деҳқон хўжалиги аъзолари деҳқон хўжалиги мол-молки етарли бўлмаганда, қонун ҳужжатларига мувофиқ деҳқон хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзларига тегишли мол-мулк билан солидар равишда субсидиар жавобгар бўлиши”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги 2004 йил 26 августдаги Қонуннинг 35-моддасида “Фермер хўжалигининг бошлиғи фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлиши”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги 2014 йил 6 май кунидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 4-моддасида “Агар жамиятнинг банкротлиги жамият учун мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор сифатида иш юритаётган шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли юзага келган бўлса, жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, мазкур акциядорнинг зиммасига жамиятнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин”лиги кўзда тутилган.
Ойбек Шомуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси