Ижтимоий тармоқларда, аҳоли ўртасида бугунги пандемия даврида беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳамда тез тиббий ёрдам сифатига ишончсизлик билан қараш, дорихоналарда зарур дори-дармон танқислиги, қолаверса, шифохоналарда ўринлар етишмаслиги билан боғлиқ турли гап-сўзлар учраяпти.
Вилоятимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият таҳлилини ва назоратини амалга оширувчи ахборот-таҳлил ишчи гуруҳи томонидан жараёнда юқоридаги каби ҳар бир жиҳатни эътибордан қочирмасликка, зарур чораларни кўришга ҳаракат қилинмоқда. Шахсан вилоят ҳокими бошчилигида пандемия пайтида тўғри ҳаракатланиш, карантин тартибига сўзсиз бўйсуниш, ўта хавфли касалликдан тезроқ ва асоратсиз қутулиш чоралари изланмоқда.
Шу кунгача “СОVID-19” касаллиги билан оғриган беморлар учун вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази, кардиология ва онкология диспансерлари каби стационар тиббиёт муассасалари билан бирга вилоят тери-таносил касалликлари диспансери, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази, шунингдек, Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси каби провизор муассасаларда 1 минг 800 тага яқин ўрин ҳозирланган эди.
Талаб ва эҳтиёжнинг кескин ошганини инобатга олиб, шу кеча-кундузда Бухоро Муҳандислик технология институти ётоқхонасида 250, “Семурғ” спорт мажмуасида 225, “Ёшлик” спорт мажмуасида 250, Бухоро давлат университети ётоқхонасида 1500, Бухоро давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицей ётоқхонасида 150 та ўрин ҳозирланиб, умумий захира ўрни вилоятда 2375 тага етказилди.
Ҳурматли вилоятдошлар!
Коронавирус инфекциясидан даволанишда шифохоналарга эҳтиёж сезсангиз, малакали мутахассислардан таркиб топган тезкор суриштирув гуруҳи, фуқароларга коронавирус бўйича амалий ёрдам, тавсия ва маслаҳатлар бериш бўйича 65-223-40-45 рақамли “Ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.