Аҳоли саломатлигини асрашда замонавий қиёфага эга, зарур тиббий ускуна ва воситалар билан жиҳозланган тиббиёт муассасаларининг мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга. Бугун туман ҳокими Ж.Шаропов, Қуйи Чуқурак маҳалла аҳли, тиббиёт ходимлари, нуронийлар иштирокида фойдаланишга топширилган тиббиёт пункти эл саломатлигини муҳофаза қилишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Искогаре ОШП филиали сифатида иш бошлаган Қуйи Чуқурак маҳалла тиббий пункти туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари ва «Диёра элегант строй» МЧЖ ҳомийлигида 55 млн. сўм маблағ эвазига қад ростлади. Пункт 3416 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Маросимда сўзга чиққан туман раҳбари Жамшид Шаропов тиббий хизмат сифатини яхшилашда олиб борилаётган бу каби хайрли ишларга тўхталар экан, ушбу масканнинг узоқ йиллар аҳолига беминнат хизмат қилишига тилак билдирди ҳамда бунёдкорлик ишларини сифатли ва қисқа муддатда ниҳоясига етказган МЧЖ раҳбари Шавкат Ёдгоровга миллий чопон ва дўппи кийдирди.
Ушбу пункт филиал бўлгани боис бу ерда график асосида 4 нафар ҳамшира, 1 нафар врач 8:00 дан 20:00 га қадар иш олиб боради, мурожаат билан келган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатади.
Очилиш маросимида нуронийлар ҳам сўз олиб, пунктда яратилган шарт-шароитдан мамнун эканликларини билдирдилар.