Самарқанд шаҳрида 15–16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Ушбу йиғилиш тузилма ташкил этилгандан бери ўтказилаётган 21-саммит ҳисобланади.
Саммит иштирокчилари
ШҲТ давлатларининг барча раҳбарлари саммитда иштирок этишини тасдиқлади: Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон.
Бундан ташқари, йиғилишга ШҲТ кузатувчи давлатлари — Беларусь, Эрон ва Мўғулистон раҳбарлари ҳам келади. Шунингдек, Ўзбекистон раис сифатида саммитга бир қанча меҳмонларни, жумладан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни таклиф қилган.
Келтирилишича, Самарқандга ШҲТ билан расмий алоқаларга эга халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳам келади. Улар қуйидагилардан иборат:
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ);
- БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNECE);
- БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО);
- Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ);
- Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ);
- Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ);
- Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чора-тадбирлари бўйича кенгаш (CICА);
- Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ECO);
- Араб далатлари лигаси (АДЛ).
Самарқандда жами 15 та давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари учрашади.
ШҲТ ташкил этилиши: Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик таъминоти
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бўлиб, тузилма 2001 йил 15 июнь куни Хитойнинг Шанхай шаҳрида Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари учрашувида ташкил этилган. ШҲТнинг негизи «Шанхай бешлиги» деб аталган уюшма фаолияти билан боғлиқ.
Дастлаб, 1996 йилда чегарадош мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ва 1997 йилда қўшма чегарада қуролли кучлар ва қурол-яроғларни қисқартириш тўғрисидаги битимлар имзоланди. ШҲТнинг 2000 йилги Душанбе саммитида Ўзбекистон биринчи марта кузатувчи сифатида қатнашди. Унда бешлик негизида кўп тармоқли ташкилот тузиш тўғрисида таклифи берилди.
ШҲТ таъсисчиларидан бири сифатида иштирок этиш ҳақидаги қарорни Ўзбекистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилди. Шу тариқда ҳозирги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тузилди. Самарқандда бўлиб ўтиши режалаштирилган саммит эса 21-йиғилиш ҳисобланади. Учрашувлар 15–16 сентябрь кунлари Самарқанд тумани ва Тойлоқ тумани ўртасида жойлашган сайёҳлик марказида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норовнинг таъкидлашича, ШҲТнинг пайдо бўлиши ХХ аср охирида дунё мураккаб муаммолар қуршовида қолган бир пайтда Марказий Осиёнинг ёш ва мустақил давлатлари ҳамкорлиги заруратига бориб тақалади. Шу маънода ШҲТнинг пайдо бўлиши бевосита Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг натижаси бўлди. Ташкилотнинг тузилиши ва фаолиятидаги энг муҳим қўшимча қиймат сифатида унинг, энг аввало, Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини кўриш мумкин.
Марказий Осиё ШҲТнинг географик ядроси бўлиб қолмоқда
Минтақада ва унинг атрофида давом этаётган ўзгаришларга қарамай, 20 йилдан кейин ҳам Марказий Осиё ШҲТнинг географик ўзаги бўлиб қолмоқда. Аъзо давлатлар ўртасида минтақада барқарорлик ва хавфсиз ривожланишни таъминлаш асосий мақсад бўлиб қолаётгани ва шу сабабли бу вазифалар ташкилотнинг диққат марказида бўлиши кераклигини кўрсатади.
ШҲТнинг 2021 йилги Душанбедаги саммити декларациясида барча аъзо давлатлар раҳбарлари бир овоздан Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланишни таъминлаш, ҳамкорликда ишонч ва дўстлик маконини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Минтақа барқарорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашда ШҲТнинг фаол ролини кенгайтириш ғояси қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари мунтазам ўтказилиши белгиланди. 2017 йилдан буён кузатилаётган янги Марказий Осиё жараёнини ШҲТ томонидан қўллаб-қувватлаш, албатта, минтақанинг ўзи учун ҳам, ташкилот маконини барқарорлик, ўзаро манфаатли ривожланиш ва самарали ҳамкорлик ҳудудига айлантириш учун ҳам жуда муҳим.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги замонавий устувор йўналишлари
Ўзбекистон ШҲТнинг таъсисчи давлатларидан бири сифатида барча иштирокчи давлатларнинг манфаатларига жавоб берадиган истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни ошириш орқали ўз салоҳиятини тўлиқ очиб беришдан манфаатдор.
Хусусан, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар кўп томонлама дипломатияда намоён бўлмоқда. Кейинги йилларда Тошкент халқаро ва минтақавий тузилмалардаги иштирокини сезиларли даражада кучайтирди. Аниқ натижалардан бири, хусусан, 2021 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайлангани бўлди.
Шубҳасиз, бу тенденция ШҲТга ҳам тегишли. «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади», – деганди Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида Ўзбекистон парламентига мурожаатномасида.
ШҲТнинг кенгайиши: кун тартибига ўзгартиришлар киритмоқда
Кўриниб турибдики, ташкилот аъзоларининг кенгайиши минтақада ва бутун дунёда тез ўзгариб бораётган вазият билан биргаликда ШҲТ кун тартибига ҳам муайян тузатишлар киритмоқда.
Албатта, бу объектив жараён, аммо бу орқали ташкилотнинг минтақадаги ролини ҳеч ҳам камайтирмайди. Жанубий Осиёнинг энг йирик давлатлари — Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қўшилиши Марказий Осиё мамлакатлари учун Яқин Шарққа кенгайишнинг пайдо бўлаётган траекторияси фонида янги истиқболларни очади.
ШҲТ кенг Евроосиё маконида кўп тузилмали ўзаро боғлиқликни ривожлантириш соҳасида ўзаро манфаатли ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун кучли кўп томонлама платформага айланмоқда.
Ўзбекистоннинг кутилмалари
Нуримбетовнинг таъкидлашича, Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларига глобал кун тартибидаги бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун ўз вақтида ва самарали платформа яратиш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон томонининг ишонч билдиришича, Самарқанддаги саммит унинг иштирокчилари ўртасида хавфсизлик, барқарор ривожланиш, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ўзаро боғлиқлик ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш масалалари бўйича конструктив муҳокама учун ўзига хос халқаро майдонга айланади.
Саммит натижалари ШҲТнинг ёш тарихининг — учинчи ўн йиллигининг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.