Аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш мақсадида чет элдан вакциналар олиб келинади ва жойларда эмлаш пунктлари ташкил қилинади. Эмлаш ишлари сентябрь ойидан бошланиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш пунктлари ташкил этилади. Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, эпидемиолог Рустам Икромов «Дарё» сайтига маълум қилди.
Рустам Икромовнинг маълум қилишича, ҳар йили куз ва қиш фаслида ҳаво-томчи орқали юқадиган касалликларнинг кўпайиши кузатилади.
«Бу шифокорлар тилида микст-инфекция дейилади, яъни қўшилиб касаллик чақириши мумкин бўлган ҳолат кузатилиши мумкин. Грипп ва пневмония чақирувчи вирусли касалликларнинг коронавирус билан биргаликда келиши бундан ҳам оғирроқ даражага олиб келишини тахмин қилиш мумкин», — дейди эпидемиолог.
У масаланинг жиддийлигини инобатга олиб, куз-қиш мавсумига эпидемиологик тайёргарлик чоралари кўрилаётганлигини айтган: «Албатта, бундан одамлар ваҳимага тушмаслиги керак. Айни кунларда грипп ва пневмонияга қарши эмлаш учун ҳукумат даражасида керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Вакциналарни четдан олиб келиш ва жойларда эмлаш пунктларини ташкил қилиш ишлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу ишлар сентябрь ойидан бошланади».
Zur chiqibdi