Ромитан туман марказидан 100 километр узоқликдаги Газли шаҳарчасида ҳам ҳаёт қайнамоқда. Ромитан тумани тасарруфидаги оловкорлар шаҳарчаси ўтган аср 50-йилларида ташкил этилган бўлиб, айни кунда “Байналмилал” ва “Газли” маҳалла фуқаролар йиғинларидан таркиб топган масканда қарийб 6,5 мингга яқин нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Уларнинг деярли 3 минг 500 нафарга яқин ўзбек, 2 минг 600 нафардан ортиғи қозоқ, 241 нафари рус, 300 нафарга яқин эса бошқа миллат вакиллари. Тотувлик ва бағрикенглик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро вилояти прокурори ўринбосари Равшан Зайниев ҳамда Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноевлар иштирокида беш миллат вакиллари учун навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.
Сайёр қабулда сектор раҳбарлари, Газли шаҳар ҳокими, туман ҳокими ўринбосарлари, вилоят ва туман ташкилот, корхона раҳбарлари, МФЙ ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Газли шаҳар аҳолиси иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида аҳолини қийнаётган масалаларга ечим кўрсатилди. Ривожланишга ёрдам берадиган таклифлар қўллаб-қувватланди. Мурожаатларнинг аксарияти фуқаролар ишга жойлашиш, яшаб турган хонадонини таъмирлаб бериш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратиш, субсидия асосида тикув машинаси олиб бериш, бир марталик моддий ёрдам ажратиш каби масалалар ўртага ташланди.
Қабул жараёнида 20 дан ортиқ фуқароларнинг мурожаати тингланиб, атрофлича муҳокама қилинди. Мурожаатларнинг 5 таси жойида ҳал этилиб, муддат талаб этиладиган мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилиши юзасидан кўрсатмалар бериб ўтилди ҳамда алоқадор ташкилотларга мурожаатларнинг ижросини тезроқ ва аниқ муддатларда бажариш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Сайёр қабул сўнгида туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъуллари томонидан бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ҳамда “Ромитан Деҳқон бозори” МЧЖ томонидан арзонлаштирилган ва сифатли озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилди.