РШТЁИМ Бухоро филиалида кардиохирургия хизмати иш бошлаганига 2,5 йилдан ошди. Шу вақт мобайнида 300 га яқин беморда очиқ юракда мураккаб операциялар амалга оширилди. Марказда сунъий қон айланиш аппаратининг мавжудлиги тез орада болалар кардиожаррохлигини ҳам ривожлантиришга замин яратади.
Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳар йили 18 миллиондан ортиқ инсон юрак ишемик касаллиги оқибатида вафот этади. Давлатлар кесимида қиёслаганда, ҳар 10 000 аҳолига нисбатан юрак ишемик касаллиги билан касалланиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон — Озарбайжон ва Туркманистондан кейинги 3-ўринда туради.
Юқоридаги кўрсаткичларнинг йил сайин ошиб бориши бугунги кунда коронар томирларнинг кўп сонли зарарланишида нафақат интервенцион аралашувларни, балки аорта-коронар шунтлашнинг оптималлашган усуллари ва самарадорлик коэффициенти юқори бўлган алгоритмларини ишлаб чиқишни талаб қилади.
РШТЁИМ Бухоро филиалида амалга оширилаётган операцияларнинг 90 фоизи ишлаб турган юракда (off-pump) бажарилмоқда. Бундай турдаги операциялар кардиожарроҳдан юқори тажриба талаб қилиш билан бирга, интероперацион шунтларни баҳолаш, беморларни эрта фаоллаштириш ва операциядан кейинги асоратлар хавфини камайтириш имконини беради.
Марказимизда ҳозирда “секвенциал” ва “U” симон шунтларни қўллаш орқали кўп томирли зарарланишларни бартараф этишнинг оптимал усулларидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Бу турдаги шунтлар нафақат кўп томирли коронар зарарланишларда, балки пастки икки қўл-аяқларда веноз етишмовчилиги ва аортанинг калциноз пилакчалари мавжуд бўлган беморларни операция қилишда ҳам самаралидир.
Бу турдаги беморларда операциянинг узоқ муддатли самарадорлигини аниқлаш мақсадида биринчи марта МСКТ-шунтография текширув усули қўлланилди. Текширув натижалари “секвенциал” ва “U” симон шунтларда қон оқиш тезлиги чизиқли шунтлар билан қиёслаганда деярли фарқ қилмаслигини кўрсатди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, истиқболда бу каби графтлардан янада кенг кўламда фойдаланиш режалаштирилган.
РШТЁИМ Бухоро филиалида кардиожаррохлик соҳаси янги босқичда
Фикр билдириш
Фикр билдириш

