Ўзбекистон аҳолисининг ҳар 100 мингтасига нисбатан ҳисоблаганда 1 йил давомида 309 киши юрак-қон томир касаллиги натижасида вафот этади. Ушбу кўрсатгич бўйича мамлакатимиз жаҳонда 3-ўринда туради. Бу турдаги ҳасталиклар ҳануз ногиронликка етакловчи энг асосий сабаблардан бири бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-4985-сонли Фармони ижросини таъминлаш максадида қатор амалий ишлар амалга оширилмокда.
Шу сабабли Ўзбекистонда мазкур йўналишда энг илғор инновацион технологиялар, ташҳислаш ва муолажа усулларини жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча РШТЁИМ Бухоро филиалида икки кун давомида кардиохирургик операциялар ўтказилди.
Операциялар РШТЁИМнинг етакчи кардиохирурги Обейд Мустафа ибн Абдулрахмон томонидан амалга оширилди. Филиалнинг мутахассис кардиожарроҳлари эса уларга якиндан ёрдам беришди. Икки кун давомида 4 та беморда “Аорта-коронар шунтлаш” (АКШ) операциялари мувоффақиятли амалга оширилди. Юрак хасталигига чалинган беморлар мазкур мураккаб жарроҳлик амалиётларидан ижобий натижалар билан чиқиб, ҳаёт нашидасини хурсандчилик билан тотмоқдалар.
Бундан ташкари, Мустафа Обейд марказнинг кардиореанимация бўлимида даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказиб, уларнинг даволаниши билан боғлиқ ўз таклиф ва мулоҳазаларини шифокорлар билан ўртоқлашди. Шунингдек у қабулга келган 20 дан ортиқ беморларни амбулатор шароитда қабул қилди. Кардиожаррох мутахассис сифатида маслаҳат ва тавсияларини берди.
Ўтказилган юқори технологияли мураккаб операцияларнинг аксарияти беморларда сунъий қон айланиш аппарати ёрдамида амалга оширилди. Ҳукуматимиз томонидан яратилган имкониятлар ва шароитлар самараси бугунги кунда чекка-чекка ҳудудларгача етиб келаётганлиги юрак қон томир касалликлари операцияларини ўзимизнинг яшаб турган ҳудудимиз клиникаларида амалга оширилаётганлиги инсонларни моддий ва маънавий, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланишига омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса инсон қадри тушунчасининг янада моҳиятли эканлигига далолатдир.