РШТЁИМ Бухоро филиали
Республика шошилинч тиббий ёрдам Илмий марказининг Бухоро филиалида 135 ўринга мўлжалланган янги терапия мажмуасининг тантанали очилиш маросими ва “Халқаро хотин-қизлар куни” 8-март муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосарлари, Бухоро шаҳар ҳокими, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, Бухоро Давлат тиббиёт институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари бош врачлари, қурилиш ташкилоти раҳбарияти ва қурувчилар меҳмон бўлдилар.
Маросимни вилоят ҳокими ўринбосари М.Ҳамроев очиб, тадбир иштирокчилари ва марказда фаолият кўрсатиб келаётган хотин-қизларни 8- март халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этдилар. Шунингдек Бухоро шаҳар ҳокими Ж.Носиров, РШТЁИМ бош директори Д.Тўлагановлар ҳам сўзга чиқиб филиал ходимларини кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишдек масъулиятли соҳадаги хизмат фаолиятини юксак баҳолаб, машаққатли меҳнатларига омад ва зафарлар тиладилар.
Тантанали тадбир давомида янги қуриб битирилган 135 ўринли терапия биносининг очилиш маросими бўлди. Юқори мартабали меҳмонлар томонидан бино эшиги олдидаги қизил лента кесилиб, рамзий калит РШТЁИМ Бухоро филиали директори Т.Мусоевга топширилди. Ўз ўрнида РШТЁИМ бош директори Д.Тўлаганов ва филиал директори Т.Мусоевлар байрам муносабати билан бир гуруҳ ходимларга совға-саломлар топширдилар. Жумладан, 167 нафар мучал ёшларини нишонлаётган ходимлар совға ва гуллар билан рағбатлантирилдилар. Бундан ташқари “Энг яхши миллий дастурхон”, “Энг яхши миллий либос”, “Энг яхши қурувчи”, “Энг яхши тиббий бино қурилиши” номинациялари бўйича танловлар ўтказилди. Мазкур танловлар ғолиблари танланиб, уларга ҳам эсдалик совғалари ва ғолиблик ёрлиқлари топширилди. 49 нафардан иборат бир гуруҳ филиалда ўрнак кўрсатган ходимлар “Мақтов ёрлиғи” билан тақдирландилар.
Янги терапия мажмуасининг бунёд этилишида 40 млд сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. 10 млд (10 млн АҚШ доллари) сўмга тиббий жиҳозлар олинган. Шунингдек бугунги кунда мажмуага 1-ва 2-шошилинч терапия, педиатрия, болалар реанимацияси, комбустиология, токсикология, кардиореанимация бўлимлари жойлаштирилмоқда. Янги терапевтик бино ҳудуди 20060,8 кв.м. ни ташкил қилиб, мажмуа ҳудудида умумий майдони 134,9 кв.м бўлган ошхона, 2888,0 кв.м майдонга эга кислород станцияси ва кўкаламзорлаштириш майдонлари мавжуд.
Филиалда муваффақиятли ишлар амалга оширилиб, чет эл клиникаларида иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қийналган ҳолда катта маблағ эвазига даволаниб келишга мажбур бўлган кўплаб беморларда мураккаб технологияли операциялар амалга оширилмоқда. Илкбор буйрак трансплантацияси, туғма мия чурраси аномалияси хасталигига чалинган беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2022-2023 йилда “Кардиохирургия ва ангиография” хизмати жорий этилди. Ушбу мақсадларни амалга оширилиши учун филиалга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 4.0 млд сўм маблағ ҳисобига “Сунъий қон-айланиш аппарати (АИК)”, вилоят ҳокимлиги томонидан 1.5 млд дан сўмдан ортиқ маблағга тиббий асбоб-ускуналар ва анжомлар олиб берилди.
Бундан ташқари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 млд сўмга замон талабларига мос “Ангиохирургия” биноси қад кўтармоқда. Филиалда тажрибали юрак-қон томир жарроҳи Мустафо Обейд бошчилигидаги бир гуруҳ етакчи мутахассислар иштирокида очиқ юракда аорта-коронар шунтлаш, митрал ва аортал клапанларни алмаштириш операциялари амалга оширилди. Қисқа муддатда шунга ўхшаш 30 дан ортиқ операциялар муваффақиятли бажарилди. Вилоятда илк бор мураккаб аритмологик жарроҳлик операцияси ўтказилиши ташкиллаштирилди. 64 ёшли оғир юрак етишмовчилигидан азият чекиб келаётган беморга 3 камерали махсус кардиостимулятор ўрнатилди. Бу каби мураккаб юқори технологияли оператив амалиётлар вилоят миқёсида филиалда жорий қилиниши давом эттирилади.
Байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб, дилларга шодлик, байрамона кайфият бахш этди. Олинган маънавий озуқа узоқ вақт меҳнат фаолиятини олиб боришда ижобий хизмат қилади. Шунингдек тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева бошчилигидаги санъаткорлар гуруҳи хизмат кўрсатдилар.