Йил бошидан ўтказилаётган “Инсон қадри учун” шиори доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар туманларда давом этмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори бошчилигидаги РШТЁИМ Бухоро филиалининг бир гуруҳ турли ихтисослик мутахассислари жамоаси навбатдаги тиббий кўрик ва амалий тиббий ёрдам акцияларини Жондор туманида 3 кун давомида амалга оширилишини таъминладилар.
30 нафардан ортиқ 12 та йўналишдаги мутахассислар гуруҳи томонидан Жондор туманининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил қилинди.
Тиббий кўрикда филиалдан эндохирург, қон-томир хирурги, гинеколог, травматолог, нейрохирург, болалар хирурги, болалар реаниматологи, УТТ врачи, эндоскопист, кардиореаниматолог, анестезиолог-реаниматолог, невролог, кардиолог, терапевт, педиатр, токсиколог ва операцион бригада тўлиқ стерил тиббий асбоб-анжомлар тўплами ҳамда мутахассислар билан ташриф буюрдилар.
Жондор туманида РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан 800 нафардан ортиқ аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикда аҳоли билан бир қаторда асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турувчи фуқаролар қатнашди. Шулардан 267 тасида терапевтик, 132 тасида хирургик, 43 тасида гинекологик, 37 нафар болаларда педиатрик ва 160 тасида неврологик паталогияси бўлган касаллик турлари аниқланди. Аниқланган касалликлар бўйича сараланган беморларни амбулатор, стационар ва уй шароитида соғломлаштириш режаси тузилди. Беморларни туман тиббиёт бирлашмаси ва РШТЁИМ Бухоро филиали ҳамда вилоят касалхоналарида даволаниши учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, ўзгалар ёрдамига муҳтож, I-II-ногиронлик гуруҳига мансуб беморлар ҳудудий поликлиника врачлари билан биргаликда уйига бориб кўрилди. Уларга ихтисослик бўйича соғломлаштириш режаси асосида мутахассислар томонидан зарур тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Тадбирда асосий эътибор аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг тиббий билим ва маданиятини ошириш, касалликларни илк даврида аниқлаш ва даволаш чораларини кўришга қаратилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик жараёнида кам таъминланган оила аъзолари рўйхатига мансуб 14 нафар беморлар хирургик операцияларга муҳтожлиги аниқланди. Тўлиқ стерил тиббий асбоб-анжомлар тўплами билан РШТЁИМ Бухоро филиалидан борган операцион бригада мутахассислари томонидан юқори технологик кам инвазив операция амалиётлари бажарилди. Бажарилган операциялар Жондор туман “Emergency department” бўлими врачлари иштирокида “Маҳорат дарслари” доирасида амалга оширилди.
Бундан ташқари РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари Жондор туман “Emergency department” бўлими билан узвийлик ва ўзаро алоқа олиб бориш, туман мутахассисларини тажриба орттиришига кўмаклашиш, беморларга тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ маслаҳат ва диагностика, даволашни амалга ошириш ва туман мутахассисларининг тажриба орттиришига кўмаклашиш борасида амалий-услубий ёрдам кўрсатилишини таъминладилар.