USD10 518.99+0.17%
RUB139.07–0.87%

Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 18 январдан бошланади.

Россия 18 январдан бошлаб аҳолини оммавий эмлашга ўтиши учун ҳамма нарса тайёр. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Татяна Голиковага таяниб «Интерфакс» маълум қилди.

Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 18 январдан бошланади.

Фото: ТАСС

«Биз келгуси ҳафтанинг душанба кунидан бошлаб январь–февраль ойларида аҳолини кенг кўламли эмлашдан оммавий равишда эмлашга ўтиш ва шу кабилар бўйича кўрсатмаларингизни бажаришга тайёрмиз», – деди Голикова 13 январь куни Россия президентининг ҳукумат аъзолари билан учрашувида.

Учрашувда Путин ҳам Россия коронавирусга қарши кенг кўламли эмлашдан оммавий вакцинацияга ўтиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

«Ўтган ҳафта Михаил Владимирович (Мишустин) менга бу саноат ривожланиб, нафақат ваъда қилинган барча стандартлар ва ҳажмларни бажарди, балки вакцина ишлаб чиқариш режадагидан ошиб кетди, деб ҳисобот берди. Биз кенг кўламли эмлашдан оммавий вакцинацияга ўтишимиз керак», – деди Путин.

Давлат раҳбари Россия ҳукумати аъзоларидан буни ёдда тутишни ва тегишли инфратузилмани тайёрлашни сўради.

«Худога шукур, бизнинг вакцинамиз ташув пайтида минус 50, минус 70 даража каби фавқулодда ҳолатларни талаб қилмайди. Бизда ҳаммаси жуда оддий ва самаралироқ», – деди Путин.

Шу муносабат билан Путин келаси ҳафтадан бошлаб оммавий эмлашни бошлашни ва ушбу иш учун тегишли жадвал тузишни сўради.

Голикованинг маълум қилинишича, 11–14 январь кунлари Россия ҳудудларига қўшимча 600 минг доза вакцина етказиб берилади, уларни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва субъектларга етказиш ишлари кетмоқда.

Унинг таъкидлашича, таътил кунларига қарамай, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган тарзда давом этди ва давом этмоқда.

Аввалроқ ЖССТ коронавирусга қарши вакцинация 30 дан ортиқ мамлакатда бошлангани ҳақида маълумот берганди.

Эслатиб ўтамиз, Россия аҳолисини «Спутник V» вакцинаси билан эмлайди. Маълумот учун, «Спутник V» коронавирусга қарши биринчи рус вакцинаси 11 августда рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирги вақтда Россияда фуқароларни эмлаш билан параллел равишда вакцинани ўрганиш давом этмоқда. «Интерфакс» маълумотларига кўра, 50 дан ортиқ мамлакатдан 1,2 миллиарддан ортиқ дозада Россия вакцинасини сотиб олиш учун аризалар келиб тушган. Хусусан, 29 декабрь куни Аргентина ўз аҳолисини коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмлашни бошлади.

Бироқ сўровларга кўра, россияликларнинг ярмидан кўпи коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмланишни хоҳламайди. Ҳозиргача ушбу вакцина билан бир миллиондан ортиқ россиялик эмланди.

Мавзуга оид