Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бугун Ромитан туманида бўлиб ушбу лойиҳалар билан танишди.
Ромитан туманида назорат тартибидаги навбатдаги ўрганишларида вилоят ҳокими Ботир Зарипов чўл ҳудудида сунъий сув омбори ҳамда унинг атрофида кўнгилочар дам олиш масканлари ҳамда «Войиш» усулида токзор-узумзор барпо этиш лойиҳаси билан танишди.
Мазкур мажмуани кимсасиз чўлнинг Хожа Уббон массивида ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун 50 гектар ер майдони сунъий кўл учун ажратилиши белгиланган. Умумий қиймати 129 миллиард 300 миллион сўмга молиялаштирилган ушбу лойиҳага биноан ташаббускор тадбиркорлар улуши 60 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Қолгани эса давлат буджетидан ажратиладиган сармоя ҳисобланади.
Албатта, «оби ҳаёт» бор жойда яшариш, ҳаёт завқи ва меҳнат муваффақияти бўлади. Биринчи босқичда 50 гектарда қуриладиган сунъий сув омбори ва кўнгилочар дам олиш маскани билан бирга иккинчи босқичда чўл массивида 1 минг гектар ер майдонини ажратиб, унда «Войиш» усулида токзор—узумзор барпо қилиш мақсадида 80 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.
Умуман, бу мажмуага келувчилар сунъий кўл соҳилида дам олувчилар учун пляж, аквапарк, кичик диснейленд, кема кўринишидаги ресторан, ёзги терасса, табиат қўйнидаги спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, яъни ипподром, махсус сув транспорти ва яна бошқа кўнгилочар хизматлардан баҳраманд бўлишлари, мириқиб дам олишлари мумкин бўлади.
Биргина чўл массивини обод қилиш орқали бундаги кўнгилочар павильонлар ва узумзор боғда жами 850 нафар фуқаронинг доимий бандлигини таъминлаш имконияти яратилади. Баҳор ёз мавсумида кўнгилочар дам олиш маскани 180 минг нафаргача ташриф буюрувчини қабул қилиши ва уларга кўрсатиладиган хизматлардан давлат иқтисодиётига 5,8 миллиард сўм атрофидаги даромад кирим қилиниши кутилмоқда.
Минг гектардан иборат ер майдонида барпо қилинадиган токзордан эса йилига 3 минг тоннадан ошириб сара узум ҳосили олиш агротехник тадбирлари кўрилади. Албатта, боғдорчилик илмидан яхши хабардор мутахассислар ва тажрибали боғбонлар бу ишга жалб қилинади.
Яқин йилларга мўлжалланган мазкур йирик лойиҳа билан батафсил танишар экан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов масъул мутасаддилар, лойиҳа муаллифлари, пудратчиларга зарур тавсияларини берди. Чўл бағрини обод ва кўкаламзор ҳудудга айлантириш заҳмати оғир ва кўп ишчи кучи, вақт, қолаверса, маблағ тақозо этиши таъкидлангани ҳолда унинг амалиётини тезлаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.