Ўзбекистон Мусулмонлар идораси “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида муқаддас Рамазони шариф шарофати билан 5 апрель куни Ромитан туманидаги 45 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан раислар тавсиялари билан камхарж ва эҳтиёжманд оилалар вакилларидан 250 нафари, нуронийлар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган якка-ёлғиз кексалар иштирокида “Инсон қадри ва шукрона” навбатдаги ифторлик дастурхони ёзилди.
Бунда туман ҳокими Умеджон Барноев, туман ҳокими ўринбосарлари, нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган оилалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Туманнинг Боғча маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Зебузар” тантаналар саройида ўтказилган мазкур тадбирда имом ҳатибларнинг гўзал аҳлоқий тарбия, инсонийлик одоблари, ҳаётдан миннатдорлик ва шукроналик туйғулари ҳақидаги илмий суҳбатлари ҳамда кўпчиликнинг ҳайрли дуолари тадбирнинг маърифий қимматини янада оширди.
Ифторлик якунида унда қатнашган ногиронларга, боқувчисини йўқотган якка-ёлғиз кексаларга ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан бир марталик моддий ҳадя қилинди.