Ромитан туманида Хотин-қизларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Аёллар дафтари” асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.
Жорий йилнинг 21 февраль куни Ромитан тумани ҳокимлиги, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда тумандаги ишсиз юрган хотин-қизларни бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги йирик саноат корхоналаридан бири WBM “Romitex” МЧЖга ишга қизиқтириш мақсадида саёҳат уюштирилди.
Тадбирга ташриф этган ишсиз хотин-қизлар корхона масъуллари томонидан корхонанинг фаолияти ва ишлаб чиқариш маҳсулотлари тўғрисида маълумотлар берилиб, корхонанинг шарт-шароитлари ва имкониятлари, корхона иш жараёнлари билан яқиндан таништирилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган йўналишлари бўйича тушунчага эга бўлиб, ишга жойлашиш бўйича таклифларини билдирдилар.
Саёҳат натижасида корхона имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ромитан туманининг 18 та маҳалласидаги 102 нафар ишсиз хотин-қизлар WBM “Romitex” МЧЖга ишлаш истагини билдириб, шу куннинг ўзида ишга жойлаштирилди.