Халқимиз орасида от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмайдиган йигит бўлмаса керак. Кўпкарининг ўзига хос сеҳри шу қадар қудратлики, унинг дарагини эшитган чавандозлар юзлаб чақирим йўлни ортда қолдириб бўлса ҳам, тезроқ ўйин бўлиб ўтадиган манзилга етиб боришга ошиқади. Анъанага биноан чавандозлар атай таклиф этилмайди, улоққа уларнинг ўзлари келади ва кўпкари олдидан эл қатори яхшилаб меҳмон қилинади. Бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадимий одатлардан бири.
Бугун, 6 декабрь куни Ромитан туманининг қадимий археологик ёдгорлиги, илк ўрта асрлар тарихининг нодир дурдонаси ҳисобланган “Бўронтепа” қўрғони ҳудудида барпо этилган “Bukhara Desert Oasis & Spa” инновацион туризм кластерининг 3 ёшга тўлганлиги муносабати билан жорий йилнинг 6 декабрь сешанба куни соат 09:00 да “Bukhara Desert Oasis & Spa” инновацион туризм кластерида УЛОҚ-КЎПКАРИ мусобақасига 300 га яқин маҳаллий ҳамда қўшни республикалардан ташриф буюрган номдор чавандозлар бир-биридан учар отлар билан ўзаро беллашишди.
Таъкидлаш жоизки, кўпкарига келган чавандозлар ўйин бошланиши олдидан яхшилаб тайёргарлик кўришади. Чавандоз ва от ўзаро ҳамоҳанг ҳаракатланиши ғалабага олиб борувчи муҳим омиллардан биридир. Бунда эса бир-бирини тушуниш, майдонга тушиш олдидан тулпор билан ўзаро алоқани мустаҳкам йўлга қўйиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Чавандозлар майдонга улоқ ташланишини кутиб, жам бўлишади. Кўпкарида бу лаҳза энг ҳаяжонли дақиқалардан бири. Улоқ ташланиши билан майдон юзлаб отлар дупурига тўлади. Ниҳоят, баковул томонидан майдонга улоқ ташланади. Улоқни майдонга ташлаган баковул бутун кўпкари давомида ўйинга ҳакамлик қилади. Бериладиган совринлар фақат унинг руҳсати билан эгасига топширилади. Улоқдаги ҳалоллик ва ғирромликни ёлғиз у ажрим қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ ҳакамлик иши ҳамиша оқсоқоллар кузатуви остида. Полвонлар улоқни ердан олиб, уни белгиланган манзилга етказиши лозим. Бу жараёнда ҳавфли вазиятлар жуда кўп бўлади. Сабаби, кўпкарига келган полвонларнинг аксарияти кўп йиллик тажрибага эга. Вазифа бажарилиши билан ўйин якунланади ва қўйилган соврин эгасига топширилади.
Уч мингга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари, улоқ-кўпкари ишқибозлари ҳамда уюшмаган ёшлар кўз ўнгида кечган кўпкари мусобақасининг яккалик курашларида улоқни белгиланган маррага олиб бориш учун алоҳида 40 марта солим солинди. Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ППХ ходимлари эса қарийб 10 гектарлик майдон бўйлаб томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаб туришди.
Тадбир давомида хонанда Ҳосила Раҳимова ўз репертуарларидаги қўшиқларидан ижро этиб, тадбир иштирокчиларини янада руҳлантирди.
Совринга тикилган туя, от, қорамол, қўй-эчки ва бошқа қимматбаҳо совғалар улоқни белгиланган жойгача дадил олиб борганларга тақдим этилди.
Бундан ташқари мусобоқада қўйилган бош соврин “SPARK” автомобилини қўлган киритган Ромитанлик моҳир чавандоз Козим Ибодовга Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев томонидан тантанали равишда топширилди.