Бугунги кунда Ромитан туманидаги 251 та фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 5980 гектар ерга уруғ қадалган бўлиб, ўртача 26,3 центнер ғалла мажбурияти топширилиши бўйича фермер хўжаликлари билан шартнома имзоланганлиги билан бир қаторда, давлатга қарийб 15 750 тонна ғалла топширилиши кўзда тутилган.
Айни пайтда пишиб етилаётган ғалла ҳосилини юқори унумдор комбайнлар ёрдамида қисқа фурсатларда ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига етказиш мақсадида туманнинг барча ҳудудларида сифатли техника ва ишчи кучи жалб этилган ҳолда 28 та махсус отрядлар ташкил этилгани, мавсум давомида туман бўйича 150 дан ортиқ дон териш техникалари жалб қилинган.
Кечп Ромитан тумани “Қўрғон” ҳудудидаги “Чўли Махмуд” фермер хўжалигида туманда биринчи бўлиб ғалла ўримига старт берилди. Ўрим олдидан жонлиқ сўйилиб, Қуръон ҳатм қилинди.
Ушбу тадбирда туман ҳокими Умеджон Барноев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси мудири, туман ҳокими ўринбосарлари, туман қишлоқ хўжалиги вакиллари, ҳудуд раислари, фермер хўжалиги раҳбарлари, ғалла ўримига алоқадор корхона, ташкилот рахбарлари, комбайн операторлари, ғалла отряди раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбир давомида туман раҳбари машаққатли меҳнатлар орқали етиштирилган ғаллани нес-нобуд қилмай ва сифатли қилиб йиғиштириб олишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.
Туманимизнинг нуроний отахонлари она Ватанимиз равнақи, халқимизнинг янада фаровонлиги учун ҳам ғалла ўрими мавсумини беталофот ва баракали бўлишини тилаб дуога қўл очдилар.
Катта хирмонга ҳисса қўшишга бел боғлаган ҳар бир комбайн операторларига 1 миллион сўмдан бўнак пули, 50 килограмм ун, 10 килограмм ўсимлик ёғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани ишга бўлган рағбат ва моддий манфаатдорликни ошириши шубҳасиз.
Шундан сўнг, ҳар йилги анъанага мувофиқ Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳида ўзбекона удумга кўра палов дамланиб, деҳқончиликка қут-барака, мўл ҳосил сўраб, эзгу дуолар қилинди.