Жаҳондаги миллионлаб мусулмонлар каби мамлакатимиздаги юртдошларимиз, хусусан туманимиз аҳли ҳам бу кунни байрам қилмоқда.
Бугун Ромитан туманидаги 13 та жомеъ масжидларда Қурбон ҳайити намози ўқилди.
“Тарнаут” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Биби Саида” жомеъ масжидида ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди.
Қурбон ҳайит намози маърузасида маънавий қадриятларимиз юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, бугунги фаровон ҳаётимиз мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ўй-ташвишларини ўрганиб, яхшилик қилиш савоби ҳақида айтилди.
Туман ҳокими Умеджон Барноев дуога қўл очган юртдошларимиз ёнида туриб барчани муқаддас айём билан қутлади.
Қурбон ҳайити намозида юртдошларимиз шу кунларга етказганига шукрона айтиб, элимизга тинчлик-хотиржамлик, омонлик, қут-барака тилаб дуолар қилди.
Намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан барча шароитлар яратилди. Масжидларга туташ кўчалар вақтинча ёпилиб, намозхонлар учун жой ажратилди. Бундан ташқари байрам муносабати билан арзонлаштирилган озиқ-овқат ва савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Шунингдек, барча масжидларимизда Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари навбатчилиги ҳам ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги барча тумандошларимизни ушбу қутлуғ кун — Қурбон ҳайити билан муборакбод этади!