Жамиятда фуқароларнинг мурожаатларига доимий эътибор муҳим масаладир. Чунки фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги қанча юқори бўлса, жамият тараққиётига тўсиқ бўладиган муаммолар шунча тез бартараф этилади.
Жорий йилнинг 14 июль куни Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев аҳоли вакиллари билан, уларни қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш юзасидан тасдиқланган режа-жадвалга асосан навбатдаги фуқаролар қабули туман Халқ қабулхонасида бўлиб ўтди.
Ташкил этилган фуқаролар мурожаатлари қабулида сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси мудири, туман ҳокими ўринбосарлари, аҳолига хизмат кўрсатувчи ва фуқаролар билан иш юритувчи ҳар бир идора, ташкилот ва бўлимлар раҳбарлари ҳамда фуқаролар иштирок этди.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида кечган фуқаролар қабулида асосан оилавий масалалар, ишга жойлашиш, имтиёзли кредит ажратиш, субсидия асосида уй-жой билан таъминлаш, даволаниши учун моддий ёрдам ажратиш, бир марталик моддий ёрдам тайинлаш, яшаб турган хонадонини таъмирлаб бериш, кадастр, суд-ҳуқуқ масалалари билан боғлиқ муаммолар, Олий таълим муассасига тўлов контрактини тўлашда амалий ёрдам, солиқ тўловида амалий ёрдам кўрсатиш ва яна бир нечта турдаги масалалар юзасидан мурожаат келиб тушди.
Узоқ давом этган ҳоким қабулида 25 га яқин мурожаатлар тингланиб, шу жойнинг ўзида мутасаддилар билан биргаликда 14 та мурожаат ижобий ҳал қилинди. Ҳар бир фуқаро билан суҳбат давомида уларга муаммосига бевосита боғлиқ бўлган ташкилот раҳбарлари бириктирилиб ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари кредит ажратиш, моддий ёрдам тайинлаш ва ишга жойлашиш сингари масалалар юзасидан қилинган мурожаатлар юзасидан қонун доирасида тушунтиришлар берилди.
Фуқаролар қабули давомида мурожаатчилар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам ҳамда 10 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.