Ҳурматли қишлоқ хўжалиги соҳасининг фидоийлари, фермерлар, кластер аъзолари ва захматкаш деҳқонлар!
Аввало, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни қутлуғ айём – “Қишлоқ хўжалиги ходимлари” куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни билдираман.
Ҳаммамизга яхши аёнки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч тармоқларидан биридир.
Ҳукматимиз томонидан сўнги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш борасида кенг кўламли фаолиятлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Чунки жамиятимизнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонлари бу Сизсиз. Табиийки ҳаммамизни ер боқади, кийинтиради. Шунинг учун ҳам ерга нисбатан “она ер” дея таъриф берилади. Дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимиз тўкинлиги сизнинг шарофатингиз, хизматларингиз самарасидир.
Аввало сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари ҳамда минтақамиздаги экологик муаммолар оқибатида қишлоқ хўжалигида ҳар йили илгари кўрилмаган янги-янги синов ва қийинчиликлар пайдо бўлаётганини қайд этиш лозим.
Лекин кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган деҳқон ва фермерларимиз ана шундай мураккаб шароитда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини қўллаган ҳолда мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлмоқдалар.
Бунда, албатта қишлоқ хўжалик тизимида олиб борилаётган кенг камровли ислоҳотлар натижаси ўлароқ кластер тизимига ўтилганлиги, кластер корхоналари билан фермер хўжаликлари ўртасидаги шартномага асосан, пахта етиштириш вегетация даврида моддий ресурсларнинг ўз вақтида етказиб берилганлиги, энг асосийси туманимизнинг мардонавор меҳнаткашларининг самарали меҳнатлари бор.
Азиз дўстлар!
Шу ўринда, ўтаётган йилимиз ҳам баракали келганини эътироф этмоқ керак. Айни вақтда туманда жами 627 та фермер хўжалиги бўлиб, шундан 231 та пахта-ғаллачилик йўналишида, 140 та боғдорчилик-узумчилик йўналишида, 25 та сабзавот-полизчилик йўналишида, 109 та чорвачилик йўналишида, ва 124 та бошқа йўналишларда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жорий йилда фермер хўжаликлари ер майдонларида пахта етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли амалга оширилиши натижасида ҳосилдорликда юқори кўрсаткичларга эришилди.
Жорий йилда туманда 10873 га майдонда пахта экилиб, 42078 тонна пахта ҳосили етиштирилиб, шартномавий режа 101,1 фоизга бажарилди. Меҳнаткаш халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, экин майдонларида етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиб, туманимиз давлатга пахта топшириш шартномавий режасини Вилоятда иккинчи бўлиб бажарди.
Пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида туманда 194 та терим отрядлари шакллантирилиб, мазкур отрядларга 18200 нафар теримчилар жалб қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 1 килограм пахтанинг терим нархи 1 терим 1500 сўм, 2 терим 1800 сўм ва 3 терим 2500 сўм қилиб белгиланиши пахтани ўз вақтида йиғиб териб олиш учун кенг имкониятлар яратди.
Бундан ташқари жорий йилда 230 тага яқин фермер хўжаликлари давлатга пахта топшириш режасини илғорлар қаторида уддалади. Жумладан, тумандаги “Козимбобо”, “Навобод”, “Олим Хидой”, “Кўҳна Бухоро”, “Мўминабону Аброр”, “Олтин Хирмон” фермер хўжаликлари пахтадан 55 центнердан, “Янгиобод-2”, “Нурмуҳаммадобод”, “Виктория Руффо”, “Зафар”, “Суннат Баракабобо” ва “Ҳамробод” каби фермер хўжаликлари пахтадан 45 центнердан қори ҳосил олиб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди.
Ғаллачиликда 2022 йилда 254 та фермер хўжаликлари томонидан жами 13497 тонна давлатга дон сотиш режалаштирилган бўлиб, амалда 14108 тонна (104,5%) дон топширилиб, режага нисбатан 611 тонна ортиғи билан бажарилди. Ялпи ҳосилдорлик 77 центинердан ошди.
Фермер хўжаликлари томонидан жорий йил учун режалаштирилган 210 тонна пилла ўрнига 218,9 тонна (104,3%) пилла топширилди. Шунингдек, фермер хўжаликлари томонидан жами 20403 тонна сабзавот, 141 тонна картошка, 3921 тонна полиз, 21306 тонна мева ва 8995 тонна узум маҳсулотлари етиштирилди.
Туманда жорий йилда чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан 1474 тонна гўшт тирик вазнда, 9534 дона қоракўлтери, 285 тонна балиқ, 12211 тонна сут ва 988 млн дона тухум халқимиз дастурхонига тақдим этдилар.
Шунингдек, 22 та ташаббускорлар томонидан 3850 гектар фойдаланишдан чиқган ер майдонларини ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 244 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, ушбу майдонларга 145 гектар майдонга пахта, 74 гектар майдонга ғалла, 5 гектар майдонга боғ ва узумзорлар, 4 гектар майдонга полиз ҳамда 16 гектар майдонга озуқа экинлари экилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбирлари билан айтадиган бўлсак “Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғу роғлар, дастурхонимиздаги турли ноз-неъматлар, тўй-томошалар, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади. Шу маънода, деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи” десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!
Сизларни яна бир бор ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам туманимиз аҳли фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари!
Сиз фидойи деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган қишлоқ хўжалиги ходимларини бугунги меҳнат ва ҳосил байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклаймиз.
Сизларга соғлик-омонлик, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эл-юртимиз дастурхонини янада фаровон қилишдек масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз!