Ромитан туман ҳокими Умеджон Исоевич Барноевнинг 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан туман халқига йўллаган БАЙРАМ ТАБРИГИ
7 dekabr 2023
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Сизларни улуғ айём-Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг конституцияси билан белгиланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз тафаккури ва ижодий маҳсули ҳисобланади. Асосий қомусимизда халқимизнинг иродаси, руҳияти ва маданий савияси тўла намоён бўлган. Конституция давлатимиз мустақиллгининг ҳуқуқий пойдевори, халқимиз ҳоҳиш-иродасининг олий ифодаси. Конституциямиз инсонпарварлик ва адолат ғоялари билан суғорилган.
Сўнгги йилларда халқимиз ҳаётини яхшилашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатимизда бўлгани каби Ромитан туманида ҳам жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар ҳар бир тармоқ, соҳага кириб бормоқда, барча соҳаларни чуқур ислоҳ қилиш бўйича юксак марралар белгиланмоқда.
Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.
Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
«Янги Ўзбекистон» деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилиниб, Учинчи Ренессанс — миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.
Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилмоқда.
Азиз ва муҳтарам тумандошлар!
Бугун биз жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидасига айланиб бормоқда.
Ишончим комил, ана шу олижаноб мақсадларга эришишда туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик, барча фуқароларимиз ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Мен Ромитан туман ҳокими ва Конституцияга амал қилинишининг кафили сифатида жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашни, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзимнинг нафақат вазифам, энг аввало, муқаддас бурчим, деб ҳисоблайман.
Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда онгу-тафаккуридаги ўсиш суръатлари-Конституциямизда белгиланган қоида ва тамойиллар шарофатидандир.
Сизларни Конституция куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман.
Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файз-у барака асло тарк этмасин!
Барча эзгу орзу-ниятларимиз рўёбга чиқсин!
Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин!
Ромитан туман ҳокими Умеджон Исоевич Барноевнинг 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан туман халқига йўллаган БАЙРАМ ТАБРИГИ
Фикр билдириш
Фикр билдириш