Ассалому алайкум, азиз устозлар!
Аввало, сиз, азизларни, “Устоз” деган шарафли номни улуғлаб келаётган барча ўқитувчи ва мураббийларни улуғ айём 1 октябр – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчанггизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз. Ҳақиқатдан хам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоғлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.
Мана, бир неча йилдирки, бу қутлуғ айёмни катта интиқлик билан кутамиз ва муносиб равишда нишонлаб келаяпмиз. Бу кун бизга сабоқ бериб, катта ва мураккаб ҳаёт синовларига бардошли қилиб тарбиялаган азиз ва мўътабар устозларимизни шарафлайдиган кун. Уларга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ҳурмат-эҳтиром, иззат-икром кўрсатадиган фурсатдир.
Бугун биз замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматинггизни юксак қадрлаймиз.
Кўплаб ўқитувчиларимиз эришган ютуқлари, ёш авлод тарбиясига қўшган самарали меҳнатлари туфайли туманимиз шаънини кўкларга кўтариб, илм-фан ривожига ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига миллий ва илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги катта хизматлари, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни она Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Ромитанлик 41-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Субхонов Нурмурод Ҳайдарович ҳам бор. Президент Фармони билан Субҳонов Нурмурод Ҳайдарович «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Бир сўз билан айтганда, устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қиладилар, десам янглишмайман.
Муҳтарам устозлар!
Сиз азизларни туманимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларга Ватанимизнинг бугунги равнақи, эртанги истиқболи йўлидаги масъулиятли меҳнатингиз учун туман аҳли номидан, ўз номимдан яна бир бор чуқур миннатдорчилик изҳор этишни ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Барчангизни қутлуғ байрамингиз билан самимий табриклаб, сизларга янги-янги ютуқлар, сиҳат-саломатлик, бахт-у саодат ҳамда хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик тилайман. Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин азиз устозлар!
РОМИТАН ТУМАН ҲОКИМИ УМЕДЖОН ИСОЕВИЧ БАРНОЕВНИНГ 1 ОКТЯБРЬ – “УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ” МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Фикр билдириш
Фикр билдириш