Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Бугун юртимизда улуғ байрам, катта тантана. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз бир йиллик тўйини зўр шоду хуррамлик билан нишонламоқда.
Шу муносабат билан сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг самимий ва энг эзгу тилакларимни билдираман.
Азиз дўстлар!
Барчамизга аёнки, эл-юртимиз асрлар давомида озод ва эркин ҳаётни, адолатли жамиятни орзу қилиб яшади. Бу муқаддас мақсад йўлида жон олиб, жон бериб курашди, машаққатли синовларни мардона енгиб ўтди.
Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ.
1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди. Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир. Айнан миллий мустақиллик эл-юрт учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда.
Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар бажарилди. Қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси ишлаб чиқилди. Замонавий давлатчилик асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари шаклланди.
Мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар барпо этилди. Мухтасар айтганда, кўпни кўрган халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсат ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Ватанимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди. Бугун юртимизда тарихан қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит пайдо бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Биз аҳолимизнинг даромади ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга жиддий аҳамият қаратамиз.
Туманимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос янги тизими яратилганидан барчангиз яхши хабардорсиз. “Темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “меҳр дафтари”, “маҳаллабай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилди.
Ислоҳотлар доирасида қабул қилинган йирик дастурлар жамиятимизда ижтимоий муҳитни яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини оладиган бўлсак, бу борада олиб борилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ўйлайманки, кўп нарсадан далолат беради.
Қадрли дўстлар!
Давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашда соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт соҳалари ҳал қилувчи ўрин тутишини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳаси, унинг фаолият мазмуни тубдан ўзгармоқда, десак, янглишмаган бўламиз. Аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлиги, соғлом турмуш тарзи янги босқичга кўтарилди. Кўп тармоқли поликлиника ва касалхоналарнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Тез тиббий ёрдам тизими замон талаблари асосида қайта ташкил этилиб, молиявий таъминоти кучайтирилди.
Азиз тумандошлар!
Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман.
Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди. Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради.
Бугунги кунда янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар ёшларимиз жаҳон майдонларида турли соҳа ва йўналишларда юксак марраларни эгалламоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Бугун мустақиллигимизнинг биринчи йилида туғилган болалар ўттиз бир ёшга – айни камолот ёшига етди. Мен мана шу навқирон ёшларимизга, азиз ўғил-қизларимга мурожаат қилиб айтмоқчиман.
Сиз истиқлол фарзандлари, озод ва эркин, ҳур фикрли инсонлар сифатида ҳаётга дадил кириб келаётганингиз биз учун энг катта бахт, катта давлатдир.
Мен ишонаман, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини пухта эгаллаб, биз бошлаган ишларни муносиб давом эттирасиз.
Юксак ғайрат-шижоатингиз ва фидокорона меҳнатингиз билан юртимизда Янги Ўзбекистонни – Учинчи Ренессансни бунёд этишга албатта қодир бўласиз.
Ҳеч қачон бўш келманг, азиз фарзандларим! Сизларга ҳамиша бахт ва омад ёр бўлсин!
Азиз ва муҳтарам тумандошларим!
Биз кейинги йилларда белимизни маҳкам боғлаб, миллий манфаатларимизни таъминлаш, халқимизни рози қилиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, ғоят муҳим натижаларни қўлга киритмоқдамиз.
Энг асосий натижа – бошлаган ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган муқаррар тус олганида, бугунги жамиятимизнинг маънавий уйғонишида намоён бўлмоқда.
Маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай халқни Яратганимиз ҳам қўллаб-қувватлайди, доимо йўлини очиб беради.
Бугун минглаб тумандошларимизнинг онгу тафаккури ўзгариб, улар ислоҳотлар жараёнига ўзини бевосита дахлдор деб билмоқда, бу ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз. Ўзбекистон ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланади.
Мен сиз, азизларни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча тумандошларимизни, юртдошларимизни ана шундай улуғ ва шарафли сафда – янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида кўриб турганимдан бахтиёрман.
Орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги-янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз қадрдонларимни, мўътабар нуронийларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, азму шижоатли ёшларимизни, бутун халқимизни Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мана шу муборак айёмда барча ютуқларимизнинг бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимизга фарзандлик меҳри билан таъзим қиламан.
Барчамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган она халқимиз доимо омон бўлсин!
Юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон эзгу мақсадларига етсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!