Халқаро ҳамкорлик тиббиёт соҳасини ривожлантиришда энг самарали усуллардан биридир.
Бухоро шаҳрида 2023 йил 11-12-13 октябрь кунлари “Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил қилишнинг долзарб муаммолари: политравмалар ва ўткир юрак-қон томир касалликлари” мавзусида XVIII Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтади. Анжуманга 90 нафардан ортиқ хорижий давлатлардан етакчи олимлар, академик, профессорлар ва тиббиёт тизими бошқарувининг вакиллари ташриф буюрмоқдалар.
2023 йил 10 октябрь куни анжуман муносабати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ташриф буюрган Туркия шошилинч тиббий ёрдам врачлари уюшмаси раиси, т.ф.д. профессор Башар Жандер билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида филиал директори Т.Мусоев томонидан филиалда амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлар, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар ва белгиланган режалар, олиб борилаётган илмий, амалий-услубий ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
Ўз навбатида Башар Жандер ҳам халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашишлари борасидаги режалари ҳақида айтиб ўтдилар.
Учрашув якунида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ва Туркия шошилинч тиббий ёрдам врачлари уюшмаси ўртасида ўзаро меморандум имзоланди.
Меморандум келишувидан икки мамлакат шошилинч тиббиёт соҳаси етакчилари иштирокида тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш орқали якдил бўлган ҳолда мамлакат тиббиётини янги босқичларга кўтариш, лойиҳа доирасида ҳар иккала томоннинг имконият ва тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажариш, қолаверса, РШТЁИМ Бухоро филиалининг мутахассислари ҳам Туркияга бориб хориж тажрибасини ўзлаштириб келишлари назарда тутилган.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати.