Қурилиш “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан амалга оширилди.
Куни кеча фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлайдиган худди шундай яна бир муҳим иншоот М-37 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль йўлининг 262-километри, аниқроғи, “Работак” аҳоли пунктида фойдаланишга топширилди.
Халқаро аҳамиятга эга йўлнинг ушбу қисмида автомобиллар ва пиёдалар жуда серқатнов бўлиб, бунинг натижасида келиб чиқадиган тирбандликлар ҳайдовчи ва пиёдаларнинг ортиқча вақти сарфланишига олиб келарди.
— Бухоро тумани ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 15 таси ёки 35 фоизи халқаро аҳамиятдаги М-37 автомобиль йўлида, шундан, 14 таси М-37 йўлининг 252-262 кмлари оралиғи, яъни мана “Работак” аҳоли пунки ҳудудида содир бўлган. Афсуски, уларнинг 2 таси фуқароларнинг аянчли ўлими, 4 таси жиддий жароҳат олиш билан якун топган. Бугун ишонч билан айта оламизки, пиёдалар учун ҳар томонлама қулай ушбу ер ости йўлининг барпо этилиши ҳамманинг автомобиль ҳайдовчиларию пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига имкон яратиб, йўлдаги тирбандликлар олдини олишда ва бу орқали мудҳиш фожиаларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этди, – дейди вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукуруллаев.
Пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилиши “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан амалга оширилди. Бунинг учун 4 млрд 700 млн сўм маблағ сарфланди. Қурилишда тажриба синовдан ўтган усуллардан фойдаланилди. Шунингдек, ер ости йўли қурилиши жараёнида дренаж тармоқлари ва кузатув камералари ўрнатилди. Узунлиги 34 метр, кенглиги 4,5 метр, баландлиги 2,5 метр бўлган мазкур ер ости йўли бир суткада 3 мингдан ортиқ пиёдани ўтказиш қувватига эга.