Саҳарликдан кейин ухлаган одам, уйқу вақтида эҳтилом бўлса, рўзаси очиладими?
💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эҳтилом бўлиш яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, бундай ҳолат кишининг ўз ихтиёри билан содир бўлмайди. Эҳтилом бўлган рўзадор уйқудан тургач дарров ғусл қилиб олади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Уч нарса рўзадорнинг рўзасини очмайди; (беихтиёр) қайт қилиш, қон олдириш ва эҳтилом” (Имом Баззор ривояти).
Бу ҳақида Имом Бурҳониддин Марғилоний шундай дейдилар:
“Рўзадор уйқусида эҳтилом бўлиб қолса, рўзаси очилмайди, чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса рўзадорнинг рўзасини очмайди; (беихтиёр) қайт қилиш, қон олдириш ва эҳтилом”, деганлар. Яна бу ҳолатда жинсий алоқанинг кўриниши ҳам, маъноси (яъни, шаҳват билан маний нозил бўлиши) ҳам бўлмагани учун рўзани бузмайди” (манба: “Ҳидоя”).
Демак, саҳарликдан кейин ухлаб, эҳтилом бўлиб қолган киши, ғусл қилади, оғиз бурнини муболаға қилмай ювади ва рўзасини давом эттиради. Баъзи уламоларимиз оғиз ва бурун чайишда муболаға қилмасликни оғиз ва бурунда сувни кўп ушлаб турмаслик билан изоҳлашган.
РЎЗАДОР КИШИНИНГ УЙҚУДА ЭҲТИЛОМ БЎЛИШИ
Фикр билдириш
Фикр билдириш