Кунларнинг бирида бир инсон ўзининг хотини ва фарзандлари билан кўп ўринли машинасида узоқ сафарга чиқишди. Йўлда кетаётиб улар йўл ёқасида турган бир шахсга дуч келишди ва ундан сўрашди:
– Сен кимсан?
– Мен Пулман, – деб жавоб берди ҳалиги шахс.
У хотини ва болаларидан сўради:
– Бу шахс биз билан бирга боришига нима дейсизлар?
– Ҳа, албатта. Чунки биз Пул билан ўзимиз хоҳлаган ҳамма нарсани қила оламиз ва ўзимизга ёққан ҳамма нарсани ола биламиз, – биргаликда жавоб беришди хотини ва болалари.
Улар Пулни олиб сафарларини давом эттиришди. Машина йўлида давом этар, улар эса ўзларини янада бахтиёр ҳис қилиб боришарди. Шу пайт ҳалиги одам йўл ёқасида яна бир шахсга дуч келди ва ундан сўради?
– Сен кимсан?
– Мен Куч-қудратман, – деб жавоб берди ҳалиги шахс.
У хотини ва болаларидан сўради:
– Бу шахс биз билан бирга боришига нима дейсизлар?
– Ҳа, албатта. Чунки Куч-қудрат билан ўзимиз хоҳлаган ҳамма нарсани қила оламиз ва ўзимизга ёққан ҳамма нарсани ола биламиз, – биргаликда жавоб беришди хотини ва болалари. Улар Куч-қудратни олиб сафарларини давом эттиришди. Шу тарзда улар йўлларида давом этишди ва ўзлари билан Роҳат, Орзу-ҳавас ва Ҳавойи нафс каби шахсларни йўлдан бирма- бир олиб кетишди. Йўлда улар яна бир шахсга дуч келишди. Отаси у шахсдан сўради:
– Сен кимсан?
– Мен Иймонман, – жавоб берди ҳалиги шахс.
Ҳалиги одам, хотини ва болалари бир овоз билан жавоб қайтаришди:
– Йўқ, ҳали вақти эмас. Биз бу сафаримиздан маза қилиб роҳатланишни хоҳлаймиз. Сен эса бизларни бу нарсалардан чеклайсан. Биз эса бунга дош бера олмаймиз ва натижада сенга садоқатли бўла олмаймиз. Бу – биз учун оғир юк. Машинамизда эса сенга етарли жой йўқ. Лекин сенга ваъда бериб айтамизки, биз кўп ўтмай сени олиб кетиш учун олдингга қайтиб келамиз.
Улар уни йўлда қолдириб сафарларини давом эттиришди. Ҳеч қанча юрмасларидан туриб, йўл четида “Тўхта” деб ёзилган белгига дуч келишди. Белги ёнида бир шахс турарди. У шахс машинадаги одамга туш дегандек ишора қилди ва олдига чақириб деди!
– Сеннинг сафаринг тугади. Қани, мен билан
юр!
У одам қўрқувдан дағ-дағ титради ва бир сўз ҳам айта олмади.
– Мен сенинг машинангдан Иймонни излаяпман. У сизлар биланми? –
гапини давом эттирди ҳалиги шахс.
– Йўқ, биз уни сал орқароқда қолдирдик, агар рухсат бера олсанг, биз уни бориб олиб келардик. – Сенда орқага қайтишнинг имкони йўқ. Сафар тугади!
– Лекин менда Пул, Куч-қудрат, Роҳат, Орзу- ҳавас бор…
– Улар сенга фойда келтира олмайди ва сени Унинг олдида ҳимоя қилолмайди. Ақалли биттаси ҳам! Сен бу сафаринг ниҳоясида уларнинг ҳаммасини ташлаб кетасан, фақат Иймондан ташқари! Ҳа! Сал орқада ташлаб кетганинг – Иймондан ташқари.
– Сен ўзи кимсан?
– Мен Ўлимман! Сен сафар давомида ёдга олмаган ва эътибор бермаган
– Ўлимман!
У одам тўрт-беш қадам ташлаб машинасига қаради. Машинада сафарни давом эттиришга ҳозирлик кўраётган хотини болалари ва “содиқ” ҳамроҳларини кўрди-ю, қўлидан ҳеч бир иш кела олмаслигини ўйлаб, Ўлим билан бирга кетди…