Аннотация:
Мақолада процессуал қонунчиликда даъво аризаси, унинг шакл ва мазмуни, иқтисодий судлар томонидан даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш билан боғлиқ масалалар ҳамда хориж амалиёти таҳлил қилинган.
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугунги кунда суд тизимидаги ислоҳотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг натижаси сифатида судларда кўрилаётган иқтисодий ишларнинг йилдан йилга ошиб боришида кўришимиз мумкин..
Жумладан, 2022 йилда Республика миқёсида иқтисодий судларда жами 276 692 та иқтисодий иш кўрилган, шунинг 10183 таси Бухоро вилояти судлари томонидан кўрилган. Бухоро вилояти туманлараро иқтисодий судларига жами 15628 та даъво аризаси келиб тушган бўлиб, шундан 143 та даъво аризасини қабул қилиш рад қилинган, 1 688 та даъво аризаси қайтарилган, 13 282 та даъво ариза иш юритишга қабул қилинган. Бу кўрсаткич 2022 йилга келиб жами 12 443 тани ташкил қилиб, шундан 156 таси бўйича даъво аризасини қабул қилиш рад қилинган, 1146 та даъво аризаси камчиликлари мавжудлиги сабабли қайтарилган, 10340 таси иш юритишга қабул қилиниб, биринчи инстанция судларида кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи нстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорида иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига, уларга риоя қилмаслик эса, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишига қаратишлари, ИПК 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
148-моддасида баён қилинганидек, суд манфаатдор шахсларнинг аризалари, прокурорнинг аризаси ва давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади ва даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Даъво аризасида ариза берилаётган суднинг номи; ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи; агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси; даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар; даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар; ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби; даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар; жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса; илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.
Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.
Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексининг II-боби 13-бўлимида даъво аризаси ва уни расмийлаштиришга қўйилган талаблар баён қилинган бўлиб, унга кўра даъво аризаси арбитраж судига қоғозда ёки электрон шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат шаклида тақдим этилиши, даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланиши белгиланган. Шунингдек, даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномани ўз ичига олган электрон шаклда тақдим этилган даъво аризаси кучайтирилган (муҳофазаланган) квалифицияли электрон имзо билан имзоланиши кераклиги қайд этилган.
Даъво аризасини арбитраж суди муҳокамасига қабул қилиш масаласи судья томонидан даъво аризаси судга келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида якка тартибда ҳал қилинади. Арбитраж суди Кодексда белгиланган шакл ва мазмунга қўйиладиган талабларга мувофиқ берилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилиши лозимлиги тўғрисидаги талаблар миллий қонунчилигимизда ҳам белгиланган.
Иқтисодий судга келиб тушган даъво аризаси беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда иш юритишга қабул қилиниши, қабул қилиш рад қилиниши ёки даъво аризаси қайтарилиши ва бу ҳақда ажрим чиқариши лозим.
Процессуал қонун ҳужжатида даъво аризсини қайтариш асослари келтирилган бўлиб, унга асосан суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини қайтаради:
– даъво аризасининг Кодексда белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;
– даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
– иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;
– ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлса;
– жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;
– давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
– мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар тақдим этмаган бўлса;
– даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
– битта даъво аризасида бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;
– қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали олиниши керак бўлганда қарзни жавобгардан олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилинганлигига доир далиллар тақдим этилмаган бўлса;
– даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар уни қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.
Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, даъво аризаси судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин даъво аризаси билан судга умумий тартибда такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
154-моддасига кўра, судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар низо судга тааллуқли бўлмаса; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иқтисодий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ишни юритишни тугатиш тўғрисида ажрими ёхуд фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори ёки келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрими бўлса; иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, ҳакамлик судининг, арбитраж судининг иш юритишида айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, бундан иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитражнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этган ҳоллар мустасно; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим бўлса, бундан ҳакамлик судида ушбу низони кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитраж муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим мавжуд бўлса, бундан арбитраж судида ушбу низони кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли арбитраж муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно.
Хулоса қилиб айтганда, қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли суд тизимини шакллантиришда ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, судга мурожаат қилишнинг аниқ механизмлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги бежизга эмасдир.
Махсудова Муниса ЗарифовнаБухоро туманлараро иктисодий суди судьяси