Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни ерларни аукцион орқали сотишни соддалаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш зарурлиги таъкидланди.
«Аҳоли ўзи фойдаланиб келаётган ерларни хусусийлаштириши мумкинлиги яхши имконият. Ҳозирда бунинг тўлови йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида. Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда берган кўрсатмаларига мувофиқ, бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланмоқда», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбари таклиф этилган чора-тадбирларни маҳқуллаб, аҳоли ва тадбиркорларга енгиллик яратиш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.