Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда тегишли мутасаддиларга чекка ҳудудларни ҳам тезроқ интернет билан таъминлаш ва талабалар учун арзонлаштирилган интернет трафиклари ажратиш бўйича топшириқ берган. Президентга бу таклифни Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева билдирган, дея хабар бермоқда ЎзА (@uzauz) мухбири.
— Талабалар билан доимий мулоқотдамиз, янги ўқув йилини бошлашда нималарга эътибор бериш ҳақида таклифлар оляпмиз. Пандемия сабаб ўтган йили иккинчи семестрни онлайн тарзда ташкил қилдик, ҳимояларни ўтказдик. Лекин шундан сўнг кўпчилик талабаларда ўзига хос таклифлар ва талаблар юзага келди. Агар янги ўқув йилини биз онлайн бошлайдиган бўлсак, чекка қишлоқларни ҳам интернет билан таъминлаш масаласини ҳамда талабалар учун муҳим бўлган арзонлаштирилган интернет трафикларни ажратиш борасида мурожаат қилдим ва Президентимиз тегишли мутасаддиларга бу бўйича топшириқ бердилар. Ўйлайманки, бу ҳаммамиз учун жуда ҳам қулай шароитни вужудга келтиради, – деди Гулчеҳра Рихсиева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов янги ўқув йили онлайн тарзда бошланишини маълум қилгани ҳақида хабар берган (https://t.me/uzauz/179) эдик.