11 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонга келади.
Ташриф доирасида Бухорода олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт, энергетика, сув ва экология соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қиладилар.
Биргаликда тарихий обидаларни зиёрат қилиш, саноат корхоналари фаолияти ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.
Бугун эса давлат раҳбари Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишади.

