Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.
“Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни одамлар, биринчи навбатда, тез тиббий ва шошилинч ёрдамда бўлган ўзгаришларни кўргандагина ҳис қилади.
Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда “олтин соат” оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи бўғин, албатта, тез тиббий ва шошилинч ёрдам ҳисобланади.
Айтиш жоизки, ушбу соҳа умуман эътибордан четда қолиб кетган эди.
Мана, сўнгги беш йилда ушбу ҳаётий муҳим соҳаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича катта ишларни бошладик”, деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Жумладан, бу даврда:
- 2 224 та янги тез ёрдам машиналари олиб берилди ёки транспорт паркининг 80 фоизи янгиланди;
- замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага кўпайтирилди;
- битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.
Шунингдек, тез ёрдам подстанциялари сони 800 тадан 1 666 тага, тиббий ёрдам бригадалари эса 1 890 тадан 2 695 тага етказилди. Натижада тез ёрдамнинг кечикишлари шаҳарларда 10 бараварга қисқарди.
Ҳудудларда 21 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди (йил якунига қадар марказлар сони 35 тага етказилади)./
Вилоят шошилинч марказларида 40 дан зиёд юқори технологик операциялар йўлга қўйилганини қайд этиб, давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳаси вакиллар билан очиқ мулоқотда тез ёрдам хизматини такомиллаштириш бўйича кўплаб масалалар кўтарилганини кўрсатиб ўтди.
“Мисол учун, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.
Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та “хўжайини” бор.
Жумладан, тиббиёт ходимини “райздрав” тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса “облздрав”га бўйсунади”, деди Президент.
“Тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланмоқда.
Шу билан бирга, туман даражасида шошилинч тиббий ёрдам тизими самарали йўлга қўйилмаган.
Жумладан, туман шифохонасида терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида ҳам режали, ҳам шошилинч бўлимлар мавжуд ва улар бир-бирини такрорлайди.
Бунинг натижасида шошилинч операцияни бир бўлимда, унинг келгусидаги даволаниши бошқа бўлимда ўтказилмоқда. Оқибатда бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора”, деди Президент.
Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига бу масалани ичига шахсан кириб, ушбу самарасиз амалиётдан тўлиқ воз кечиш чораларини кўриш топширилди.