Сўнгги йилларда аҳоли ва транспорт воситалари сонининг ўсиши натижасида Тошкентда йўл инфратузилмасига юклама кескин ортмоқда. Пойтахтнинг асосий транспорт йўлакларига босим 2 баробар кўпайди, кейинги йиллардаги 7-8 балли тирбандликлар одатий ҳолга айланди.
Ушбу муаммони ҳал қилиш, аҳолига янада қулай муҳит яратиш мақсадида 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қандай муҳим ўзгаришлар бор?
Қарорда Тошкент шаҳри транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди:
🗄 аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш;
🗄 электробусларнинг жамоат транспортидаги улушини 50 фоизга етказиш;
🗄 автобуснинг ўртача ҳаракат тезлигини 18 км соатдан 24 км соатга етказиш;
🗄 метрополитен тармоғи узунлигини 103 кмга етказиш;
🗄 Тошкент шаҳридаги 1000 км автомобиль йўлларини таъмирлаш ишларини ташкил этиш;
🗄транспорт воситалари учун 150 минг ўринли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
🗄 16 та йўл ўтказгич ва тоннеллар барпо этиш;
🗄 2 600 та автобус бекатларини намунавий лойиҳа асосида реконструкция қилиш;
🗄 ягона бошқарув тизимига эга интеллектуал светофорлар билан жиҳозланган “ақлли” чорраҳалар сонини 700 тага етказиш;
🗄200 км пиёдалар йўлаги ва 170 км велосипедлар учун махсус йўлаклар ташкил этиш.
Қарор билан Тошкентда ягона Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилади. Марказ интеллектуал транспорт тизимининг оператори ҳисобланади.
Бу нима беради?
Пойтахтда транспорт тизимини ислоҳ қилиш энг аввало хавфсиз ва қулай йўл ҳаракатини яратишга ёрдам беради. Автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш ва атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини камайтириш имконини беради.
Тошкент шаҳрида ягона Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг яратилиши пойтахт транспорт тизимидаги узоқ йиллик муаммоларни тизимли бартараф этишга ёрдам беради. Бу шаҳар аҳолиси учун кунлик йўлдаги вақтни сезиларли қисқартириб, стресс даражасини пасайтиради ва ҳаёт сифатини оширади.

