Амалдаги қонунчилигимизга кўра, пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшда – иш стажи 25 йил бўлганда, аёллар эса 55 ёшда – иш стажи 20 йил бўлганда эга бўладилар. Бундан ташқари, қуйидаги асосларда имтиёзли пенсиялар тайинланиши мумкин:
-ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 1-сонли рўйхат асосида;
-ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 2-сонли рўйхат асосида;
-ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган 3-сонли рўйхат асосида;
-уруш ногиронлари, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар;
-аёлларга 54 ёшга тўлиб, 20 йиллик иш стажига эга бўлганида.
Шунингдек, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган эркаклар 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар эса 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар. Ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин пенсия тайинланади.
Пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилинади.
Пенсия тайинлаш муддатлари бир пенсиядан бошқасига ўтказиш пенсионер тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга юқорида кўрсатилган тартибда пенсия тайинланади.
Ихтиёр Холов,
Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси