Иқтисодчи Отабек Бакиров буни «паразитликнинг олий намунаси» демоқда:
«Йил бошида тасдиқланган бюджетда хорижга экспорт қилинган автомобиллар учун утилизация йиғимини қоплашга 100 млрд. субсидия бир думалаб йил охирида 325 млрд. сўмга етибди. Бу сиз ўз ёнингиздан қозоғистонлик ва россиялик харидорлар сотиб олаётган автомобиллар учун ҳам утилизация йиғимини тўлаяпсиз дегани.
Бундан бадтар паразитлик бўлиши мумкинми? Ўзбекистон халқи ва иқтисодиёти бу қуртдан қачон қутулади?», — дейди Бакиров.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса бундай заводлар «халқ ҳаётини қимматроқ қилаётганини» таъкидлади:
«Шу заводнинг ёпилиши – қанча пулни иқтисод қилар эди.
Худди шунга ўхшаган юзлаб “кўринмас” кичик заводлар бор, бир-икки одамни ишлатаман деб, 35 миллион халқнинг ҳаётини қимматроқ ва қийинроқ қилишади. Иқитисодиётимизга турган битгани зарар», — деб ёзади Ҳошимов.
Эслатиб ўтамиз, бу 224,5 млрд сўм тугаб бораётган 2022 йил учун берилмоқда. Ҳали 2023 йилда давлат бюджетидан автосаноат корхоналари яна бир неча юз миллиардлик субсидиялар олиши аниқ.